Қирғизистон компаниялари билан ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Жорий йилнинг 20 декабрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Қирғизистон ва Ўзбекистон Савдо-саноат палаталари ҳамда икки мамлакат етакчи ишбилармон доира вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Унда қора мол гўшти, сут ва сут маҳсулотлари, ёнғоқ ва шу каби маҳсулотларни Қирғизистондан Ўзбекистонга экспортини йўлга қўйишда дуч келинаётган муаммолар кўриб чиқилиб, ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Таъдилаш жоизки, Президентларимизнинг сиёсати, мамлакатларимиз вазирлик ва идораларининг дўстона яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли маданий, савдо-иқтисодий ва минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришда салмоқли ютуқларга эришилмоқда.
Иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, таълим ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик фаоллаштирилмоқда.
2022 йил мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ўсиб, 1 миллиард долларга етди. Чегара савдосини ривожлантириш, икки давлатнинг логистика ва транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида катта ишлар амалга оширилди.
Айни пайтда Ўзбекистон Республикасида Қирғизистон капитали иштирокидаги 301 та корхона фаолият кўрсатяпти, шундан 130 таси қўшма ва 171 таси 100 фоиз хорижий капитал иштирокидаги корхоналардир.
Бугунги учрашувда Қирғизистон компаниялари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди ҳамда келгусида ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.
ССП матбуот хизмати
20.12.2022
16:51