Президетнинг Фармони лойихаси муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 21 декабрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси биносида Палата раиси Даврон Ваҳабов, Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Нодирбек Сайдуллаев шунингдек, бир қатор етакчи банк ва тадбиркорлик субъектлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кредиторларнинг гаров билан таъминлаш талабларини қаноатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони лойихаси муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида жорий йил 11 июль куни ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.
Ушбу чора-тадбирлар режасининг 24-бандида белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш юзасидан Марказий банк томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қондириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Фармон лойиҳасини ишлаб чиқишдан мақсад кредит ташкилотларининг, шу жумладан банкларнинг муаммоли кредитларни сўндиришда ундирувни гаровдаги мол-мулкка қаратиш, гаровдаги мол-мулкни реализация қилиш ва шу билан боғлиқ муносабатлар Фуқаролик кодекси, “Гаров тўғрисида”ги, “Ипотека тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солишдан иборат.
Мазкур Фармон билан гаровга олувчи – кредиторларнинг гаровдаги мулкка нисбатан ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш, кредиторлар талабларини суддан ташқари тартибда қондириш тизимини ривожлантириш, мажбуриятларни гаровдаги мол-мулк ҳисобидан ундириш тизимини соддалаштириш кредиторлар талабларини қондириш тизимини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланмоқда.
Фармон лойиҳаси Қонун билан берилган ваколат доирасида ҳуқуқий хулоса бериш учун Палатага ҳам тақдим қилинган ва бир қатор таклифлар билан хулоса берилган. Фармон лойиҳасига Палата томонидан 6 та эътироз ва таклифлар берилган ва ушбу таклифиларнинг 1 таси қабул қилинган, қолган 5 таси бўйича эса лойиҳани ишлаб чиққан Марказий банк масъуллари бу борада тўлиқ ахборот бериб, қабул қилинмаган таклиф ва эътирозларнинг асосларини келтириб ўтишди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Марказий банк, бир қатор тижорат банклар ва тадбиркорлар ушбу лойиҳани яна бир бор кўриб чиқиш, унинг ҳар бир банди бўйича ўз таклиф ва фикрлари ҳамда лозим топган жойларида эътирозларини ҳам билдириш ва муҳокама қилиш имконинга эга бўлдилар.
ССП матбуот хизмати
21.12.2022
18:14