“Ҳунарманд” уюшмасининг 2022 йил фаолият таҳлили
Сўнгги йилларда ҳунармандчиликни янада ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва "Ҳунарманд" уюшмаси ҳамкорликда қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. Натижада 2022 йил январь-декабрь ойларида қуйидаги ишлар амалга оширилди:
Ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури доирасида ажратиладиган кредитлар, субсидиялар ва уста-шогирд мактаблари ташкил топиши ҳисобига 2022 йилда 80 минг (15 501 уста, 64 499 шогирд) нафар фуқаронинг бандлигини таъминлашни мақсад қилиб олиган бўлиб, жорий йил 11 ой давомида (01.12.2022 ҳолатига) 87 297 та янги иш ўрни (15 971 уста, 71 326 шогирд) яратилди. Яратилган иш ўринларининг 59 436 таси (68%) аёллар, 38 659 таси (44%) ёшлар ҳиссасига тўғри келади.
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг "Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси" ҳисобидан 6 864 нафар ишсиз фуқароларни ҳунармандчиликка йўналтириш ва бандлигини таъминлаш учун 5 304 млн. сўм маблағлар ажратилди.
Ҳунармандчилик лойиҳалари дастурини шакллантириш ва бу орқали соҳа вакилларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2018-2021 йилларда жами 40 мингдан ортиқ ҳунармандчилик лойиҳалари учун 1,1 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган, ажратилган кредитларни ўз муддатида қайтариш даражаси 89 фоизни ташкил этиб, бугунга қадар соҳага ажратилган жами кредитлардан муддати келган 915 млрд. сўми тижорат банкларига қайтарилган.
Марказлар ташкил этилиши бўйича 2022 йил 11 ой давомида 3 та (Бухоро вилояти зардўзлик йуналишида "Малика Султон", Тошкент вилояти "Ёғоч уймакорлиги уста-шогирд мактаби" Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Катта Дўмбиробод махалласидаги "Ҳунармандлар маркази") ҳунармандчилик маркази тўлиқ қуриб битказилди ва 200 нафардан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Ҳунармандларнинг халқ амалий санъати миллий каталоги яратилиб, фахрий ва халқаро кўргазма ҳамда танловларда ғолиб бўлган 353 нафар усталар ушбу каталогга киритилди. Шунингдек, 1,2 мингга яқин ҳунармандлар туризм реестрига киритилиб, ушбу соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчихона ва ваколатхоналари кўмагида МДҲ, Европа ва АҚШ давлатларига ҳунармандчиликнинг кулолчилик, каштачилик, зардўзлик, ёғоч ўймакорлиги, гиламчилик ва қўлда газлама тўқиш йўналишлари бўйича жами 13,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилинди.
Миллий ҳунармандчилик маҳсулотларининг онлайн савдосини йўлга қўйиш учун uzcrafts.uz, suzanishop.uz ва ikatmarketing.com каби интернет магазинлари ҳамда ижтимоий тармоқларда uzcraft.com канал ва гуруҳлари ташкил этилди.
Ҳунармандчилик йўналишида миллий урф одатларимизни акс эттирган "Chust Do'ppi", "Adras of Margilan", "Karakul Fur", "Rishtan Ceramics" каби миллий брендлар яратилиб, бундай брендлар билан 250 нафардан ортик, ҳунармандлар Amazon, Ebay ва ETSY каби платформаларга миллий ҳунармандчиликнинг талаб юқори бўлган 12 та йўналиши бўйича 5 мингдан ортиқ маҳсулотлар жойлаштирилиб, онлайн савдо ҳажми 1,6 млн. доллардан ошди.
ССП матбуот хизмати
29.12.2022
16:23