Тадбиркорлик ривожида муҳим дастуриламал
Мамлакатимиз мустақиллигининг илк кунларидан бошлаб Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳнамоликларида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда эркин ва самарали фаолият юритишларига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳуқуқий механизм яратилди.
Натижада юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик кундан-кунга тараққий топиб, мазкур соҳанинг мамлакатимиз иқтисодиёти ривожланишидаги ҳиссаси ва роли алоҳида ўринга эга бўлиб бормоқда.
Тадбиркорлик ривожини биргина Наманган вилояти мисолида оладиган бўлсак айни пайтда кичик бизнес субъектларининг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотидаги улуши қарийиб 80 фоизни ташкил этмоқда. Иқтисодиётда банд бўлган аҳолининг 83 фоизи ушбу соҳада меҳнат қилмоқда.
Куни-кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиеёв томонидан имзоланган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон ҳам мазкур соҳани ривожи учун муҳим дастурил амал бўлди.
Фармонга мувофиқ 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўлланилмаслиги белгилаб қўйилди.
Хорижий инвестициялар иштирокидаги янгидан ташкил этиладиган ишлаб чиқариш корхоналарига уларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида амалда бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини (ресурс ва божхона тўловлари бундан мустасно) беш йил мобайнида қўллаш ҳуқуқи берилди.
Энг асосийси, Фармон қоидаларини амалда рўёбга чиқариш мақсадида тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, хусусий мулкчиликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш борасида бешта энг устувор соҳа бўйича 42 та аниқ чора-тадбир амалга оширилишини назарда тутувчи Комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланганлиги юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг айниқса, тадбиркорлик фаолиятининг сифат ва сон жиҳатидан янги натижаларга кўтарилишига замин бўлади.
Иброҳим Саттаров
O’zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши раисининг
Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари
12.10.2016
16:25