Ўзбекистон-Қозоғистон ишбилармонлар кенгашининг 5-йиғилиши бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 26 апрель куни Тошкент шаҳрида ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида Ўзбекистон-Қозоғистон ишбилармонлар кенгашининг 5-йиғилиши бўлиб ўтди.
Ушбу форум очилиш маросимида Ўзбекистон-Қозоғистон ишбилармонлар кенгашининг ҳамраиси – Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳабов ва Қозоғистон томонидан Ўзбекистон-Қозоғистон ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси-Қозоғистон Ташқи савдо палатаси бошқаруви раиси Еренов Аян Аидарович иштирок этиб, сўзга чиқди.
Делегациялар раҳбарлари икки мамлакат ўртасидаги серқирра ҳамкорликнинг стратегик моҳиятини қайд этиб, бу борада ишбилармон доираларнинг фаол ҳамкорлиги муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Йиғилишда Ўзбекистон-Қозоғистон ишбилармонлар кенгашининг ўтган йилдаги фаолияти якунлари кўриб чиқилди, шунингдек келгуси вазифалар, ташқи савдо ва икки мамлакат корхоналари ҳамда ташкилотлари тармоқлараро ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари муҳокама этилди.
Икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистон ва Қозоғистон ишбилармонлари ўртасида қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга ва икки томонлама савдони фаоллаштириш борасида бевосита алоқалар ўрнатиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрлиги қайд этилди.
Икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ўртасида саноат ҳамкорлигини йўлга қўйиш ва шу орқали Ўзбекистон ва Қозоғистон иқтисодиётларининг қиёсий устуворликларини ҳисобга олган ҳолда узлуксиз қўшилган қиймат занжирларини шакллантиришнинг кенг истиқболлари қайд этилди. Бу борадаги ҳамкорликка аниқ мисоллар келтирилди. Хусусан, ҳозирги кунда икки мамлакат ҳудудида тўқимачилик, автомобилсозлик, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, қурилиш ва бошқа соҳалардаги қатор корхоналар муваффақиятли ишга туширилди.
Таъкидлаш жоизки, 2022 йил якунларига кўра, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида товар айланмаси 5 миллиард долларга етди. Бу эса ўтган йилги кўрсаткичлардан салкам 30 фоизга кўп. Қозоғистон товарлари экспорти 3,7 миллиард долларни ташкил қилди. Асосан рудалар ва мис концентрат, буғдой, автомобиль, кунгабоқар ёғи, мол гўшти ва алюминий ҳисобига ўсишга эришилди.
Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва Туркистон вилояти ҳудудий тадбиркорлар палатаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва умумий қиймати бир миллион долларга яқин бўлган Ўзбекистондан Қозоғистонга қурилиш материалларини экспорт қилиш бўйича шартнома имзоланди.
Тадбир якунида икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида В2В учрашувлар бўлиб ўтди.
ССП матбуот хизмати
26.04.2023
19:46