Савдо-саноат палатаси Сингапур бизнес федерацияси билан ҳамкорлик ўрнатди
Жорий йилнинг 24 май куни Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб давлат ташрифи доирасида Тошкентда икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган Ўзбекистон-Сингапур бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Форум доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Сингапур бизнес федерацияси ўртасида икки томонлама манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида ҳамкорлик йўналишлари бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Бизнес-форумда Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев, икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, “Meinhardt”, “PSA International”, “Wilmar International”, “Changi xalqaro aeroporti”, “EINZ Engineering & Construction”, “Lazada Group”, “MSI Global”, “Engarde Ventures”, “TMC” каби йирик компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда Сингапур ва Ўзбекистон ўртасидаги ташқи савдо муносабатлари ҳам изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Айтиб ўтиш жоизки, 2023-йил бошидан буён унинг ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бир неча баравар ўсди. Инвестиция соҳасидаги муносабатлар ва саноат кооперацияси йўналишидаги ҳамкорлик кенгайтирилмоқда. Сингапур капитали иштирокидаги қўшма корхоналар сони сўнгги етти йилда 3,5 баробар ошди.
Сингапурнинг йирик компаниялари билан “яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика саноати, таълим, туризм, инфратузилмавий ривожланиш ва давлат компаниялари активларини хусусийлаштириш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда ва ишлаб чиқилмоқда.
Юқори мартабали меҳмонлар ишбилармон доиралар вакилларига мурожаат қилар экан, ҳукумат вакиллари қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини яна бир бор тасдиқладилар ҳамда компания ва корпорациялар раҳбарларини ҳамкорликни кенгайтиришга, ўзаро манфаатли янги шартнома ва битимлар тузишга чақирдилар.
Тадбир доирасида таълим, транспорт, шаҳарсозлик ва молиявий соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган панел мунозаралари ҳам бўлиб ўтди.
25.05.2023
09:54