Тадбиркорликни барқарор ривожлантиришнинг янги босқичи
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони кенг жамоатчилик вакиллари томонидан катта мамнуният ҳамда миннатдорлик билан кутиб олинди.
Бинобарин, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ҳамда унинг дахлсизлиги кафолатининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, самарали фаолият юритишлари учун барча зарур шарт-шароитни яратиш, умуман олганда, мамлакатимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида қабул қилинган мазкур ҳужжат соҳа тараққиётига хизмат қилиши билан муҳим аҳамиятга эга. Мухбирларимиз ушбу Фармоннинг мазмун-моҳияти, аҳамияти хусусида парламент аъзолари, мутахассислар ҳамда тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.
Алишер ШАЙХОВ, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси:
— Бугун мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш йўлида изчил олиб борилаётган ислоҳотлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан юқори баҳоланмоқда. Хусусан, Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон кейинги йилларда тадбиркорлик фаолияти учун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш соҳасида энг яхши натижаларга эришган дунёдаги ўнта давлат қаторига киритилди.
Бу — юртимизда мулкдорлар манфаатларини ҳимоя қилиш, табиатан омилкор халқимизнинг тадбиркорлик фаолияти билан эркин ва самарали шуғулланиши, кичик бизнеснинг жадал суръатда ривожланиши учун барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитни яратишга қаратилган кенг кўламли ишларнинг муносиб эътирофидир.
Яқинда қабул қилинган Фармон асосида хусусий секторни қўллаб-қувватлаш тизими янада кучайтирилди. Бошқача айтганда, ўз бизнесини йўлга қўйиб, ишбилармонлик салоҳиятини эркин ҳамда самарали намоён этиш истаги ва ғайрати билан фаолиятини бошлаган тадбиркорларга ҳар жиҳатдан суянч бўлиш, уларнинг турли бюрократик тўсиқларга, сансалорликларга дуч келишининг олдини олиш мақсадлари рўёби учун яна бир муҳим қадам бўлди.
Албатта, бу ҳужжатда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар, молия муассасалари билан бир қаторда, Савдо-саноат палатаси зиммасига ҳам муайян масъулият юкланади. Бинобарин, мазкур тузилма юртимизда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожига тўсиқ бўлаётган, тадбиркорлик фаолияти эркинлигини чеклаётган масалаларни доимий равишда ўрганиш ҳамда бартараф этиш, жойларда фаолият юритаётган барча турдаги тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида фаол иш олиб бормоқда.
Айни пайтда Савдо-саноат палатасининг аъзолари сони 28 минг нафардан зиёд бўлиб, улар орасида якка тартибдаги тадбиркорлар, микрофирмалар, кичик ҳамда йирик корхоналар ва уюшмалар бор. Тадбиркорлар манфаатлари устуворлигини кафолатлашга қаратилган янги Фармон доирасида айни йўналишда амалга ошираётган ишларимиз қамрови ҳамда суръати янада ортиши, шубҳасиз. Авваламбор, ушбу ҳужжат асосида тадбиркорларга яратилаётган имтиёзу имкониятларни аҳоли, айниқса, ишбилармонлар қатламига чуқур тушунтириш, уларнинг ҳуқуқий кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳаётий заруратдир.
Қодир ЖЎРАЕВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:
— Мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тобора муҳим ўрин тутмоқда. Зеро, у ички ҳамда ташқи бозорда рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва аҳоли бандлигини таъминлашда ҳал қилувчи омилга айланди.
Мазкур Фармон мустақиллик йилларида тадбиркорлик соҳасини ислоҳ этиш, уларнинг эркин фаолият юритишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги тизимли саъй-ҳаракатларни юқори босқичга кўтаради, десак, асло муболаға бўлмайди. Бинобарин, унда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни янада тараққий топтириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида муҳим долзарб вазифалар белгиланган бўлиб, бу соҳа вакилларининг самарали меҳнат қилишларига имкон беради.
Айни чоғда мазкур ҳужжат билан тасдиқланган Комплекс чора-тадбирлар дастурига кўра, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, давлат ҳамда бизнеснинг ўзаро ҳамкорлигидаги маъмурий тўсиқларни бартараф қилиш, давлат ресурсларидан фойдаланишнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш доирасида умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос бир қатор қонунларни қабул қилиш назарда тутилаётгани эътиборга молик жиҳатлардан саналади. Бу мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилиш баробарида, тадбиркорлар манфаатларини ифодалашда парламентнинг роли, аҳамияти ҳамда масъулиятини янада оширади.
Тадбиркорликка оид долзарб масалаларни ҳал қилиш, бу йўналишдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, хусусий сектор кафолатларини мустаҳкамлашда биз, депутатлар, энг аввало, ушбу Фармоннинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, унда белгиланган чора-тадбирлар ҳамда устувор йўналишларни рўёбга чиқариш, айниқса, қабул қилиниши режалаштирилган қонунларни ишлаб чиқиш ва қонунчилик ижроси устидан парламент назоратини ўрнатишда ташаббускор бўлишимиз мақсадга мувофиқдир.
Шукуржон МАМАТҚУЛОВ, Андижон вилоятидаги Олтинкўл иқтисодиёт коллежи директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони:
— Юртимизда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, рўёбга чиқарилаётган комплекс чора-тадбирлар самарасини тадбиркорларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши тобора ортиб бораётгани, пировардида аҳоли фаровонлиги изчил таъминланаётгани мисолида яққол кўриш мумкин.
Шу нуқтаи назардан айтганда, мазкур Фармонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг аралашувини тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини юксалтириш ҳамда ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор вазифаси этиб белгилангани эътиборга моликдир.
Айниқса, унда 2017 йил 1 январдан эътиборан тадбиркорлик субъектларини текширишнинг режадан ташқари барча тури бекор қилингани ҳудудларда соҳани барқарор тараққий топтиришнинг янги босқичини бошлаб беради.
Андижон вилоятида бугунги кунда 24 мингга яқин кичик бизнес субъектлари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 59 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, жойларда фаолият кўрсатмаётган шундай субъектларнинг муаммоларини ўрганиш, ҳал қилиш ва фаолиятини тиклаш борасида муайян ишлар амалга оширилаётгани ўз самарасини бераяпти. Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даврида 366 та субъектнинг фаолияти қайта тикланган бўлса, 1583 та янги корхона ташкил этилди. Натижада меҳнат билан банд аҳолининг 84 фоизи ушбу соҳага қамраб олинди. Бу, албатта, бизнинг энг катта ютуғимиздир.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов “Хусусий мулкнинг ҳуқуқ ва ҳимоясини мустаҳкамлашимиз, ҳар қайси хусусий мулкдор қонуний йўл билан қўлга киритган ёки яратган ўз мулкининг дахлсизлигига асло шубҳа қилмаслигини таъминлайдиган ишончли кафолатлар тизимини яратишимиз зарур. Ҳар бир тадбиркор, аввало, шуни аниқ-равшан билиб олиши керакки, давлат хусусий мулкдор ҳуқуқларининг ҳимоячисидир”, дея алоҳида таъкидлаган эди. Мазкур Фармон эса Юртбошимиз бошлаган эзгу ишлар давом этаётганлигини тасдиқловчи ғоят муҳим ҳужжатдир.
Ўз навбатида, Олий Мажлис Сенати аъзолари жойларда ушбу ҳужжат аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тушунтириш, тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ҳамда кенг қамровли дастурлар ижроси бўйича парламент назоратини кучайтиришда янада фаоллик кўрсатишлари айни муддаодир.
Сафарбай ТОҒАЕВ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий -инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи:
— Хусусий мулкни хуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтириш, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда ушбу соҳадаги ислоҳотларни сифат жиҳатидан янада яхшилаш мақсадида қабул қилинган Фармонда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувларнинг ва ноқонуний текширишларнинг олдини олиш юзасидан давлат назоратининг принципиал жиҳатдан янги механизмлари ўз ифодасини топди.
Таъкидлаш жоизки, қонун ҳужжатларига мувофиқ, адлия органлари назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятида текширишлар ўтказилишининг қонунийлиги устидан назоратни изчил амалга ошириб келмоқда. Хусусан, тадбиркорлар фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашув ҳамда ноқонуний текширишларнинг олдини олиш мақсадида минглаб ишбилармонлар Текширишларни рўйхатга олиш китоби билан таъминланди. Бугунги кунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилаётган ҳар бир текширишни назорат қилиб бориш ҳамда ноқонуний ҳолатларни тезкорлик билан аниқлаб, бартараф этиш мақсадида мазкур китобнинг электрон шакли яратилгани унга киритилаётган қайдларни онлайн тарзда кузатиш имконини бермоқда. Эндиликда назорат қилувчи орган ходими Текширишларни рўйхатга олиш китобига электрон тартибда ёзувни қайд этган заҳотиёқ бу Адлия вазирлигидаги кузатув марказида намоён бўлади. Айни жараён текширувларнинг қонуний кечишини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, давр талабига ҳамоҳанг, самарадор мана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида тадбиркорлик субъектларида ўтказилган ноқонуний текширишлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари сезиларли даражада камаймоқда. Янги Фармон ижроси доирасидаги чора-тадбирлар ҳам, шубҳасиз, тадбиркорлик ривожи йўлидаги бюрократик ғов ва тўсиқларга нуқта қўйиб, фуқароларнинг ишбилармонлик салоҳиятини юксалтиришда ҳал қилувчи ўрин тутади.
Шавкат АЙИТБОЕВ, Тўрткўл туманидаги “Тўрткўл тупроғи” оилавий корхонаси раҳбари:
— Истиқлол йилларида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида бугун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик юртимиз иқтисодиётида етакчи куч сифатида ўзини ҳар томонлама намоён этмоқда. Ўтган ҳафтада эълон қилинган Фармон биз, тадбиркорларга янада кенг имкониятлар яратиб беришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, мазкур ҳужжатда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларига кенг эркинлик бериш, шунингдек, яна бир қатор масалалар қамраб олинганки, бу тадбиркорларнинг дилидаги гап бўлди, дейиш мумкин.
Икки йил бурун “Тўрткўл тупроғи” оилавий корхонаси фаолиятини йўлга қўйган эдик. Қиймати 30 минг АҚШ долларилик замонавий технология билан таъминланган корхонамиз жамоаси, асосан, кунжут етиштириш ва уни қайта ишлаш билан шуғулланади.
Истеъмолчининг талаби ортган, диди янада ошган ҳозирги даврда рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқариш, айниқса, хорижлик харидорларнинг эҳтиёжини қондириш осон эмас. Қувонарлиси, юртимизда яратиб берилган кенг имконият ҳамда қулайликлар самарасида корхонамиз маҳсулоти ана шу талабларга жавоб бермоқда. Жумладан, ўтган йили 170 минг АҚШ долларилик маҳсулотимизни экспортга жўнатган бўлсак, жорий йилнинг шу кунигача ушбу кўрсаткич 730 минг долларни ташкил этди. Йил охиригача эса 1 миллион АҚШ долларилик маҳсулотни чет эллик буюртмачиларга етказиб беришни ният қилганмиз.
Янги Фармон нафақат бизнинг оилавий корхонамиз ривожида, айни пайтда мамлакатимиз тадбиркорларининг янада равнақ топишида, юртимиз тараққиётига фаол ҳисса қўшишида дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Манба: xs.uz
18.10.2016
11:24