Урганчда "Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси" бўлиб ўтмоқда
Жорий йилнинг 21-22-сентябрь кунлари Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида Хоразм вилояти ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси ва Инвестиция ва савдо вазирлиги Хоразм вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бўлиб ўтмоқда.
Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда кооперация алоқаларини ривожлантириш, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишдан иборат.
Кўргазмада Республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 200 тадан ортиқ ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда. Ярмаркага ташриф буюрган меҳмонлар маҳаллий саноат корхоналарида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар намуналари билан танишиш ва тадбиркорлар билан мулоқот қилиш имконига эга бўлмоқдалар.
ССП Матбуот хизмати
22.09.2023
12:11