Ўзбек-Ерон ишбилармонлар форуми ўз ишини бошлади
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказилаётган “Креатив таълим ва инновациялар – Янги Ўзбекистон тараққиётининг асоси” шиори остидаги “InnoWeek.uz-2023” халқаро инновацион ғоялар ҳафталигига старт берилди.
Ҳафталик доирасида илк тадбир – Ўзбек-Ерон ишбилармонлар форуми ўз ишини бошлади. Тадбирни Савдо-саноати палатаси раиси ўринбосари Равшан Отабоев очиб берди:
– Икки томонлама ҳамкорлик муносабатлари жадаллик билан ривожланмоқда. Ишбилармон доиралар билан алоқаларда мамлакатлар ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади. Жорий йилда амалга оширилган ташрифлар ва имзоланган тегишли ҳужжатлар икки давлат алоқаларининг янги босқичга чиқишига замин яратди. Эрон ишбилармон доираларини бизнес юритиш учун Ўзбекистонда кутамиз ва қўшма корхоналар очиш таклифларини кўриб чиқишга тайёр эканлигимизни маълум қиламиз.
Ўзбек-Ерон ишбилармонлар форумида Эрон Ислом Республикасидан ташриф буюрган тадбиркорлар, илм-фан вакиллари ҳамда 100 нафардан ортиқ маҳаллий компаниялар вакиллари иштирок этмоқда.
– Икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқаларига давлатлар раҳбарлари даражасида эътибор қаратилмоқда. Биз ҳамкорлик йўналишлари сифатида қишлоқ хўжалиги ҳамда ИТ соҳасини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Бу ҳамкорликнинг самарали натижаси ўлароқ Тошкентдаги Эрон инновациялар ва технологиялар уйининг очилишини кўрсатиш мумкин, – деди Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Хоссейн Парвариш.
“InnoWeek.uz-2023” инновацион ғоялар ҳафталигининг расмий очилиш маросими эртага, 17 октябрь куни, соат 10:00 да “Алпомиш” муз саройида ўтказилади.
16.10.2023
13:54