16-саммит арафасида ИҲТ иштирокчи давлатларининг 5-бизнес форуми ўтказилди
8 ноябрь куни, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ўтказилиши режалаштирилган ХВИ саммити арафасида ИҲТ иштрокчи давлатларининг бизнес-учрашуви ўтказилди. Учрашув ташкилотчилари Ўзбекистон ва ИҲТ Савдо-саноат палаталари, шунингдек, Ташкилот котибияти ҳисобланади.
Халқаро иқтисодий шерикликни мустаҳкамлашда навбатдаги муҳим қадам ҳисобланган ушбу бизнес-форум ИҲТ аъзо-давлатлари Савдо-саноат палаталари, вазирликлар, соҳа муассасалари, банклар ва хусусий компаниялар раҳбарлари ҳамда вакилларини тўплади.
Унинг ишида Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия давлатларидан 300 зиёд делегат ва мамлакатимиздан 500 дан ортиқ вакиллар иштирок этиб, ИҲТ доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳолати, шунингдек, уни кенгайтириш истиқболлари ва фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Мазкур бизнес-форумни ўтказишдан мақсад ИҲТ мамлакатлари билан иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш, Ўзбекистон ва ташкилотнинг аъзо-давлатлари тадбиркорлари ўртасида янги алоқалар ўрнатишдан иборат.
Хориж ишбилармон доиралари билан бу каби кенг ва кўп қиррали ўзаро алоқалар жаҳон ҳамжамияти, бизнес-доиралар ва йирик сармоядорларнинг кенг миқёсли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, мамлакатимизнинг улкан салоҳиятидан минтақа иқтисодий йўлларининг чорраҳаси сифатида фойдаланишдан манфаатдор эканлигидан дарак беради.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва ИҲТ ҳамкорликдаги ишлар соҳасида катта тажриба орттириб, бу тажриба узоқ муддатли истиқболда самарали ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратади. Президент Шавкат Мирзиеев раҳбарлигида мамлакатимиз ҳар томонлама шерикликни кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшган ҳолда, ИҲТ аъзо-давлатлари билан муносабатларни муваффақиятли давом эттирмоқда.
Форум иштирокчиларига табрик сўзи билан мурожаат қилиб, Ўзбекистон республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби ўринбосари Кашиф Заман ишбилармон доираларнинг ўзаро манфаатли шерикликни йўлга қўйишга қатъий бел боғлаганликларига юқори баҳо берди.
Форумнинг асосий вазифалари Ўзбекистон вилоятлари ва соҳаларининг салоҳиятини намойиш этиш, ИҲТ аъзо-мамлакатлари компанияларини Ўзбекистондаги янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга жалб қилиш, Ўзбекистон ва ИҲТ аъзо-давлатлари Савдо-саноат палаталари ўртасида институсионал алоқаларни мустаҳкамлашдан (шу жумладан, Ишбилармонлик кенгашлари доирасида) иборат.
Бизнес-форум якунида иштирокчилар шу каби тадбирларни давом эттириш истагини билдириб, ИҲТ аъзо-давлатлари ўртасидаги конструктив ҳамкорлик бундан кейин ҳам муваффақиятли ривожланиши, бунда узоқ муддатли истиқболга кўп қиррали шерикликнинг янги йўналишлари белгиланишига ишонч билдирди.
Форум доирасида аралаш форматда икки томонлама учрашувлар ташкил этилиб, улар давомида ёқилғи-енергетика комплекси, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати, савдо ва бошқа соҳалардаги ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида кейинги амалий ишлар белгилаб олинди.
ССП матбуот хизмати
08.11.2023
17:19