Тижорат таклифини электрон равишда юбориш хизмати жорий этилди
Маҳаллий тадбиркорлик субъектларининг маҳсулотларини хорижий мамлакатларга экспорт қилишига амалий кўмак бериш мақсадида Палатанинг веб-сайтида тижорат таклифини юбориш учун электрон ариза тўлдириш интерактив хизмати ташкил этилди.
Тадбиркорлик субъектлари мазкур хизматдан фойдаланиши учун тижорат таклифини тўлдиришлари лозим бўлади. Шунингдек, хорижий ҳамкорларни излаш ва уларга маҳсулотни сотишда қулайлаштириш мақсадида қуйидаги шаклдаги барча майдонларни тўлдириш керак бўлади.
Ўз навбатида тижорат таклифини тижорат тармоқларига, улгуржи савдо билан ва импорт билан шуғулланадиган хорижий корхоналарга етказиш мақсадида Савдо-саноат палатаси томонидан хорижий мамлакатлардаги ҳамкорларига тегишли мурожаат юборилади.
Тижорат таклифини кўриб чиқиш натижасида хорижий корхоналардан қизиқиш билдирилган тақдирда тижорат таклифи билан мурожаат этган тадбиркорлик субъекти билан ҳамкорликда Савдо-саноат палатаси томонидан хорижий корхона билан маҳсулотларни етказиш бўйича музокаралар олиб борилади.
Тижорат таклифи унда кўрсатилган маҳсулот ва мақсадли экспорт бозорлар бўйича ўрганилишини инобатга олиб, 1 ойдан 3 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.
Хизматдан фойдаланиш учун ушбу ҳаволага ўтиш керак бўлади.
Шу ва бошқа янгиликлардан тезкор хабардор бўлиш учун Палатанинг @uzchamber каналига уланиш мумкин.
ЎзССП Матбуот хизмати
25.10.2016
14:36