Евроосиё Иттифоқи Ишбилармонлар кенгаши билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Евроосиё Иттифоқи Ишбилармонлар кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Бугун, 29 ноябрь куни, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Жамшед Ураков Санкт-Петербургда бўлиб ўтаётган “Россия саноатчиси” халқаро форум-кўргазмасида иштирок этди.
2023 йилги Форум-кўргазманинг асосий мавзуси — “Барқарорлик ва ривожланиш: асосий технологиялар, давлатнинг роли, саноат учун кадрлар, халқаро ҳамкорликнинг янги контурлари”. Бу бизнес ва давлат, етакчи технология компаниялари, университетлар, илмий ташкилотлар, кичик ва ўрта бизнес ҳамда хорижий ҳамкорлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик учун платформадир.
Тадбирда Россиянинг 36 минтақаси ва дунёнинг 20 давлатидан 20 минг меҳмон иштирок этмоқда.
Форум доирасида Кенгаш раиси Александр Шохин ва Жамшед Ураков иштирокида Евроосиё Иттифоқи Ишбилармонлар кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Имзоланган Меморандум ўрнатилган алоқаларни мустаҳкамлаш, ҳамкорликнинг мавжуд йўлларини таҳлил қилиш ва янги йўналишларни топишга ёрдам беради.
ССП матбуот хизмати
29.11.2023
16:15