Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги жорий қилинади
Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингини жорий қилиш бўйича тақдимот билан танишди.
Рейтинги юқори тадбиркорлар учун барча солиқ текширувлари бекор бўлади, ҚҚС суммаси бир кунда ва бошқа солиқ турлари бўйича ортиқча тўлов уч кунда қайтариб берилади.
Товарларни импорт қилишда ва сотишда ҚҚСни божхона ва солиқ органларида ўзаро ҳисобга олиш имконияти яратилади.
Аукционда олинган давлат активлари ва ер участкалари қийматини бўлиб тўлаш муддати 3 йилдан 5 йилгача узайтирилади. Бунда камида 15 фоиз миқдорида дастлабки тўловни бирйўла амалга оширганда, қолган суммага йиллик фоизлар ҳисобланмайди.
Рейтингда тадбиркорлар фаолиятига электрон тизим баҳо беради. Субсидия, имтиёз ва преференциялар беришда рейтинг инобатга олинади.
Рейтинг тадбиркорларга ўз ҳамкорлари тўғрисида ишончли маълумот берувчи ҳимоя тизимига айланади. Яъни, шубҳали шартномалар ва инсофсиз рақобатга чек қўйилиб, “яширин” иқтисодиёт қисқаради.
“Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги” платформаси 1 мартга қадар ишга туширилиши белгилаб олинди.
ССП матбуот хизмати
16.01.2024
09:13