Яширин иқтисодиётга қарши курашиш борасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари
Тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилган мулоқотларда билдирилган фикрлар ҳамда кенг жамоатчиликнинг таклифларини чуқур таҳлил қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Яширин иқтисодиётга қарши курашиш соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Фармон билан яширин иқтисодиётга қарши курашиш борасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари этиб:
– яширин иқтисодиёт кўламини кескин қисқартириш орқали мамлакатда соғлом рақобат ва хусусий бизнесни ривожлантириш;
– яширин иқтисодиёт шаклланишининг турли схемалари, хуфиёна ишлаб чиқариш ва ноқонуний молиявий оқимларга барҳам бериш орқали иқтисодий барқарорликни ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш;
– иқтисодиётдаги хуфиёна айланмаларга қарши курашувчи давлат органлари фаолиятининг аниқ йўналишларини белгилаш орқали масъулияти ва жавобгарлигини ошириш;
– кенг жамоатчиликда яширин иқтисодиётга муросасизлик ҳиссини шакллантириш белгиланди.
Ушбу Фармондан кўзланган асосий мақсад:
— қонунга итоаткор тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, яширин иқтисодиётни репрессив йўл билан эмас, балки уларни рағбатлантириш механизмлари ва амалий кўмак бериш орқали кўламини камайтириш;
— жазолов чораларини кучайтиришдан воз кечган ҳолда инсофли тадбиркорни ҳимоя қилиш, уларга ҳақиқий кўмакчи бўлиш ҳамда бизнес ривожига тўсиқ бўлувчи коррупсион омилларга барҳам бериш ҳисобланади.
ССП матбуот хизмати
18.01.2024
10:43