Тошкентда кичик бизнес учун ускуналар кўргазмаси иш бошлади
Жорий йилнинг 8 ноябрь куни пойтахтимиздаги “Кўргазма савдо маркази” мажмуасида «Expocontact» МЧЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан хамкорликда ташкил этилган “Кичик бизнес маҳсулотлари ва ускуналари” Халқаро кўргазмаси иш бошлади.
Унинг очилиш маросимида бозорларимиз тўкинлигини таъминлаётган ва рақобат муҳитини шакллантираётган кичик бизнес иқтисодиётимизнинг юқори суръатлар билан янада ривожланишига кўмаклашаётгани таъкидланди. Жорий йил 5 октябрда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари учун рағбат бўлиб хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда ўтказилаётган халқаро кўргазмалар бу борада муҳим аҳамият касб этаётир. Иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қулай инвестиция муҳитини шакллантиришга қаратилган ушбу кўргазмаларда Ўзбекистонда бизнесни ривожлантиришнинг кенг имкониятлари намойиш этилмоқда. “Кичик бизнес маҳсулотлари ва ускуналари” халқаро кўргазмаси ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир.
Мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари стендлари кўргазмага келганларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Масалан, юртимизда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотлари, табиий хомашёдан тайёрланган пойабзаллар юқори баҳоланмоқда.
Кўргазмада иштирок этаётган Хитой Халқ Республикасининг 40 зиёд етакчи компанияси озиқ-овқат, мебель, тўқимачилик саноати товар ва ускуналари, қурилиш материаллари, электр жиҳозлар ва бошқа маҳсулотлар намуналарини намойиш этмоқда.
Кўргазма доирасида Тошкент, Фаргона, Жиззах, Сирдаре вилоятларининг асаларичилари хамда Тошкент, Самарканд. Бухоро ва Хоразм вилоятлари хунармандлари иштирокида Кургазма ташкил этилиши кузда тутилган. Шунингдек, унда давра суҳбатлари, тақдимотлар, маҳорат сабоқлари ва амалий музокаралар ташкил этилади.
08.11.2016
15:47