Солиқ бўйича саволлар ва жавоблар
№ | Савол | Жавоб |
1 | Корхона томонидан қўшилган қиймат солиғини тўлаш тартиби қанақа? | Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 218-моддасига асосан, бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини аниқлашда товарлар (ишлар, хизматлар) олувчи ҳақиқатда олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича тўланиши лозим бўлган (тўланган) қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга, агар мазкур товарлардан (ишлардан, хизматлардан) солиқ солинадиган оборотлар, шу жумладан, ноль даражали ставка қўлланиладиган оборотлар мақсадларида фойдаланилса, шунингдек, ушбу Кодекс 199-моддаси иккинчи қисмининг 1-бандига мувофиқ солиқ тўловчининг ўз эҳтиёжлари учун фойдаланилса ва агар қуйидаги шартлар бажарилса: 1) товарларни (ишларни, хизматларни) олувчи ушбу Кодекснинг 197-моддасига мувофиқ қўшилган қиймат солиғи тўловчи бўлса; 2) олинган товарларга (ишларга, хизматларга) етказиб берувчи томонидан ёзилган ҳисобварақ-фактура ёки ушбу Кодекснинг 222-моддасига мувофиқ тақдим этиладиган қўшилган қиймат солиғи алоҳида ажратиб кўрсатилган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса; 3) товарлар импорт қилинганда қўшил- ган қиймат солиғи бюджетга тўланган бўлса; 4) ушбу Кодекснинг 207-моддасида назарда тутилган ҳолларда қўшилган қиймат солиғи бюджетга тўланган бўлса. Юқоридагиларга асосан, корхона томонидан импорт қилинган хом ашёлар бўйича тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаси тўлиғича ҳисобга олинади. Солиқ кодексининг 200-моддасига асосан, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари учун товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш обороти солиқ солинадиган оборот ҳисобланади. Яъни, қўшилган қиймат солиғи ҳақиқатда сотилган маҳсулотлар ҳажмидан ҳисобланади. |
2 | Кредит уюшмасига маблағ қўйилган тақдирда олинадиган фоиз ва бошқа даромаддан қандай ставкада солиқ тўланади? | Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 29 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-345-сонли Қонуни билан "Кредит уюшмалари тўғрисида"ги Қонуни бекор қилинган ҳамда Солиқ кодексининг 179-моддаси 17-бандига ўзгартириш киритилиб, банклардаги омонатлар бўйича фоизлар жисмоний шахслар даромад солиғидан озод қилиниши белгиланган. |
3 | Якка тартибдаги тадбиркор Пенсия жамгармасига тўловлар тўлайдими? | Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 373-моддасига асосан якка тартибдаги тадбиркорлар якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш доирасида қатъий белгиланган солиқ тўлаш билан бир қаторда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлайдилар. |
4 | Ширкат шартномаси бўйича биргаликда фаолият юритиб маҳсулот ишлаб чиқараётган якка тартибдаги тадбиркорлар қандай солиқ тўлайдилар? | Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 382-моддасига асосан, оддий ширкат шартномаси бўйича биргаликдаги фаолият фақат якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан амалга оширилган тақдирда, биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулотни реализация қилишни амалга оширувчи ишончли шахс мазкур маҳсулотни реализация қилишдан олинган тушумдан микрофирмалар ва кичик корхоналар учун белгиланган ставкалар бўйича ягона солиқ тўлови, шунингдек, агар биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулот акциз тўланадиган маҳсулот бўлса, акциз солиғи тўлайди. Ягона солиқ тўлови биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулот реализация қилинмасдан, биргаликдаги фаолият шериклари (иштирокчилари) ўртасида тақсимлаб олинган тақдирда ҳам тўланади. Бунда ягона солиқ тўлови суммаси биргаликда ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. |
5 | Якка тартибдаги тадбиркор асосий фаолиятидан ташқари қўшимча равиша бошқа фаолият тури билан шуғулланса қандай солиқ тўлайди? | Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 375 моддасига асосан, фаолиятнинг бир неча тури билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар қатъий белгиланган солиқни фаолиятнинг хар бир тури учун мазкур турдаги фаолиятга нисбатан белгиланган ставкалар бўйича алоҳида-алоҳида тўлайдилар. |
6 | Якка тартибда тадбиркор соғлиғи туфайли маълум вақтга фаолиятини тўхтатиб турадиган бўлса, нима қилиши керак? | Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 373-моддасига асосан, агар якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини муайян муддатга тўхтатса, у ўз фаолиятини тўхтатгунига қадар тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказувчи органга фаолиятни вақтинчалик тўхтатиш тўғрисида ариза бериш билан бир вақтда давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани топширади. Якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти вақтинча тўхтатилганлиги ёки қайта тикланганлиги тўғрисидаги аризани олган тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи орган келгуси иш куни тугагунига қадар солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти вақтинча тўхтатилганлиги ёки қайта тикланганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклда ахборот тақдим этади. Тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органнинг якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти вақтинчалик тўхтатилганлиги тўғрисида тақдим қилинган ва давлат солиқ хизмати органлари томонидан олинган ахборот якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини амалга оширмайдиган давр учун қатъий белгиланган солиқни ҳисоблашни тўхтатиб туриш учун асос бўлади. |
7 | Якка тартибдаги тадбиркор агарда чакана савдо фаолияти билан шуғулланадиган бўлса, даромадлари ва товар операциялари регистрларини сақлашлари шартми? | Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 374-моддасига асосан даромадларни ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрлари охирги ёзув киритилган пайтдан эътиборан беш йил мобайнида якка тартибдаги тадбиркорда сақланади ва улар рақамланган, ип ўтказиб боғланган ҳамда тегишли давлат солиқ хизмати органининг муҳри билан тасдиқланган бўлиши керак. |
8 | Юридик шахс қайта ташкил этилганда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар қандай тўланади? | Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 51-моддасига асосан қайта ташкил этилган юридик шахснинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича солиқ мажбуриятини бажариш, қайта ташкил этиш тугаллангунига қадар ҳуқуқий ворисга (ҳуқуқий ворисларга) қайта ташкил этилаётган юридик шахс солиқ мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги фактлари ва (ёки) ҳолатлари маълум бўлганлиги ёхуд маълум бўлмаганлигидан қатъи назар, унинг ҳуқуқий вориси (ҳуқуқий ворислари) зиммасига юклатилади. Юридик шахснинг қайта ташкил этилиши унинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича солиқ мажбуриятларининг бажарилиши муддатларини шу юридик шахснинг ҳуқуқий вориси (ҳуқуқий ворислари) учун ўзгартирмайди. Ҳуқуқий ворисни (ҳуқуқий ворисларни), шунингдек ҳуқуқий ворисларнинг юридик шахснинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича солиқ мажбуриятларини бажаришдаги иштироки улушини белгилаш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Юридик шахс қайта ташкил этилгунига қадар у ортиқча тўлаган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг суммалари шу юридик шахс ҳуқуқий ворисининг (ҳуқуқий ворисларининг) шахсий карточкасига юридик шахсни қайта ташкил этиш тугалланган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай ўтказилиши керак. Юридик шахснинг солиқ қарзи ёки у қайта ташкил этилгунига қадар ортиқча тўланган солиқ ёки мажбурий тўлов суммаларини қайта ташкил этилган юридик шахснинг ҳуқуқий ворислари ўртасида тақсимлаш ҳар бир ҳуқуқий вориснинг улушига мувофиқ амалга оширилади. |
9 | Тадбиркорлик субъектларининг солиқ қарзларини тўлашни кечиктириши ёки бўлиб-бўлиб тўлашлари қайси қонун ҳужжатларида кўрсатилган? | Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 54-моддасига кўра, солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш вақтинчалик молиявий қийинчиликка эга бўлган корхоналарга давлат томонидан ёрдам кўрсатиш мақсадида тўлаш муддатини солиқ тўловчи қарз суммасини бир йўла ёки босқичма-босқич тўлаган ҳолда кейинроқ муддатга кўчиришдан иборатдир. Солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки у ваколат берган орган томонидан бир ойдан йигирма тўрт ойгача муддатга берилади. Охирги ҳисобот санасидаги ҳолатга кўра жорий активлар суммасининг жами 20 фоизидан ортиқ миқдордаги қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ҳамда молиявий санкцияларни ундириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ой ичида солиқ қарзи ойма-ой бўлиб тўланган ҳолда амалга оширилади. Тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш солиқ қарзининг ҳаммасига ёки унинг бир қисмига нисбатан амалга оширилиши мумкин. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича пеня ҳисоблаш тегишли солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзни тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлашнинг амал қилиш даври бошланишидан эътиборан тўхтатиб турилади. Солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Ушбу модданинг қоидалари божхона тўловларини ва давлат божини тўлашга татбиқ этилмайди. Божхона тўловларини ва давлат божини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва асосларда амалга оширилади. |