ССПда бизнес омбудсман фаолиятининг ҳуқуқий асосларига бағишланган семинар бўлиб ўтди
2017 йилнинг 4 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекситон савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти (бизнес омбудсман) фаолиятининг ҳуқуқий асослари” мавзусида Республика видео семинар бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва унинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш – амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Зеро, тадбиркорлик ривожи – юртимиз ва иқтисодиётимиз барқарор тараққиёти гаровидир. Шу боис ҳам истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб юртимизда иқтисодий-ижтимоий ва ҳуқуқий соҳаларни ислоҳ этиш, эркин тадбиркорлик фаолиятини қарор топтириш борасидаги ислоҳотлар мантиқий изчилликда босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Тадбиркорлик соҳасининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш ва тизимли равишда такомиллаштиришга катта эътибор берилмоқда. Хусусий мулк, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Фуқаролик кодекси ҳамда «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунлар асосида 1219 норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган, жумладан, уларнинг 156 тасини Қонунлар, 138 тасини Президент Фармон, Қарор ва Фармойишлари, 280 тасини Вазирлар Маҳкамаси Қарорлари, 646 тасини эса, турли вазирлик ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ташкил этади.
Айнан шу мақсадлардан келиб чиқадиган вазифаларни янада чуқурлаштириш ва жадаллаштириш мақсадида 2016 йилнинг 5 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг имзоланиши тадбиркорлик соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Мазкур Фармон давлат органлари тизими олдига тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш вазифасини қўйди. Уни амалга ошириш учун, аввало, тадбиркорлар фаолиятини тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимли таҳлил қилиш, уларни инвентаризациядан ўтказиш, мавжуд зиддият ва ўзаро номувофиқликларни аниқлаш, бугунги кунда тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишига тўсқинлик қиладиган ҳуқуқий тўсиқларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш мақсадини ўз ичига олади.
Хусусан, Фармон “кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик”ни энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида мустаҳкамлайди.
Видео-семинар иштирокчилари томонидан такидланганидек Фармонда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини химоя қилиш соҳасида қонунлар ижроси устидан парламент назорати шакилларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш белгиланган.
Олий Мажлис ҳузуридаги тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш масаласи ўзига хос янгиликдир. Бундай вакиллик институти фаолияти йўлга қўйилиши тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, амалдаги қонунчилик меъёрларига тўлиқ риоя этилиши юзасидан ижро интизомини такомиллаштиришда мустаҳкам кафолат бўлиб хизмат қилади.
Хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, ушбу институт тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлашда, давлат тузилмалари билан муносабатларда уларнинг манфаатларини ифодалашда муҳим ўрин тутади.
Шу билан бирга, Фармонда маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш йўлини давом эттирилиши муносабати билан Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Солиқ кодексига ва бошқа бир қанча қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилган.
Видео-семинарда хусусий мулкчиликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш борасида бешта энг устувор соҳа бўйича 42 та аниқ чора-тадбирлар амалга оширилишини назарда тутувчи Комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланганлиги, хусусан, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, давлат ва бизнеснинг ўзаро ҳамкорлигидаги маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, давлат дастурларидан фойдаланишнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш доирасида умумий эътироф этилган халқаро стандартлар асосида бир қатор қонунларни, шу жумладан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”, “Давлат харидлари тўғрисида” ва “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш назарда тутилганлиги таъкидланди.
Маърузачилар томонидан видео-семинар иштирокчиларига Дастурга мувофиқ жиноят ишлари бўйича текширишларни тайинлаш ва ўтказиш тартибининг аниқ ҳуқуқий тартиботини белгилаш учун “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонунга, Жиноят-процессуал кодексига ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши тўғрисида маълумотлар берилди.
Дастур тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ жиноят қонунчилиги нормаларини янада эркинлаштириш, жиноятлар содир этилиши натижасида етказилган зарарни аниқлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашишнинг ягона мезонлари ва асосларини белгилаш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқилиши айтиб ўтилди.
Шу билан бирга, илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда техник талаблар (санитария, экология, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, ёнғин хавфсизлиги қоидалари, стандартлаштириш ва бошқалар) каби махсус ҳужжатларни, самарасиз, эскирган ва бозор механизмларининг ўрнини эгаллаб олган нормаларни бекор қилиш юзасидан танқидий қайта кўриб чиқиш муҳим вазифалардан бири этиб белгиланганлиги ҳақида маърузачилар алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Видео-семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги, Республика Бош прокуратураси, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Марказий банк, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республикаи Кенгаши аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
ЎзCCП Матбуот хизмати
05.01.2017
10:39