ССПда HR-мутахассисларни жалб қилишнинг долзарб масалалари муҳокама этилди
Жорий йилнинг 18 апрель куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида HR-мутахассислар, ишбилармонлар, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва жамоат ташкилотларининг вакиллари иштирокидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
Таъкидлаш керакки, «Малакали мутахассисларни жалб қилишнинг долзарб масалалари ва малака ошириш муаммолари» мавзусидаги тадбир амалий хусусиятга эга бўлиб, маҳаллий меҳнат бозорининг жорий ривожланиши соҳасида долзарб аҳамият касб этади. Замонавий иқтисодиёт янги шаклдаги ишчи ва иш берувчининг шаклланиш жараёнидан далолат бермоқда. Зеро, тараққиёт ва ривожланиш учун «модернизацияни ҳаракатга келтирувчилар», инноваторлар ва вақт билан ҳамнафас қадам ташлай оладиган ходимлар зарур.
Бугунги кун ишчиси қисқа муддатда энг янги ускуналар ва компьютер технологияларини ўзлаштириш қобилиятига эга бўлиши, замонавий маҳсулотларни ўзлаштириш, янги ишлар ва хизматларни бажариш, туташ касбларни, янги иш жойини эгаллашга тайёр туриши, ўз ишини яхши тушуниши ҳамда юксак касбий даражасини сақлаб қолиб, тўлақонли меҳнат қилиши зарур. Чунки, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлашдаги асосий роль инсон капитали ҳисобланиб, унда юқори малакали меҳнат етакчи ўринни эгаллайди.
Давра суҳбати доирасида ССП раиси ўринбосари А.Икрамов ва Меҳнат вазирлиги вакиллари сўзга чиқдилар.
Тадбир иштирокчилари «SAG Gilamlari» компанияси мисолида Ўзбекистон бозорида маҳаллий компанияларнинг амалий тажрибасини қўллаш масалаларини муҳокама қилдилар. Хусусан, ходимлар бўйича директор Фируза Эшонқулова ўз нутқида «SAG Gilamlari» компания кадрларини тайёрлашнинг ички тизими ҳақида сўзлади.
«DaVinci Solutions» компаниясининг бошқарувчи ҳамкори, БСТ ҳузуридаги Халқаро савдо марказининг сертификатланган бизнес-маслаҳатчиси Ҳилола Сулаймонова малакали кадрларни жалб қилиш ҳамда мутахассисларнинг малакасини ошириш муаммоларига доир долзарб масалалар бўйича фикрларини баён этди. Шу билан билан, Ҳ.Сулаймонова «Истеъдодларни жалб қилиш ва ривожлантириш» HR-анжумани ҳамда ушбу соҳада Ўзбекистонда ягона ҳисобланган «Ўзбекистондаги энг яхши иш берувчи» мукофоти ўтказилишининг маҳаллий меҳнат бозори учун аҳамиятини ҳам қайд этиб ўтди.
Давра суҳбати якунлари бўйича иштирокчилар томонидан малакали мутахассисларни жалб қилишга доир аниқ механизм таклиф этилиб, мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича келгуси ҳаракатлар тўғрисидаги меморандум ишлаб чиқилди.
ЎзССП ахборот хизмати
18.04.2017
11:33