Агробизнесни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Жорий йил 14 июль куни «Radisson Blu Hotel Tashkent» меҳмонхонасининг анжуманлар залида агробизнес ва озиқ-овқат маҳсулотларига ишлов бериш соҳаларидаги маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини илгари суришга қаратилган лойиҳани амалга ошириш масалалари муҳокамаси бўйича анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Европа Иттифоқининг техник кўмагида 2017-2019 йилларда “Қиймат ҳосил қилиш занжирларини такомиллаштириш, барқарор ривожлантириш ва эко-инновациялар (AGROCOMP) ёрдамида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги саноати корхоналарининг рақобатбардошлигини ошириш” лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида 3 йил давомида қуйидаги мақсадли гуруҳлар учун қатор таълим семинарлари, Европада стажировкадан ўтиш, тренингларни ташкил этиш кўзда тутилган: шериклик ташкилотлари ва бизнесни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича барча ташкилотларнинг вакиллари; ташқи бозорга йўналтирилган, Европа бозорига чиқиш ва шериклик алоқаларидан манфаатдор барқарор компаниялар; бозорда самарадорлиги ва рақобатбардошлигини ошриш истагида бўлган ўрта бўғимнинг фаолият юритаётган компаниялари; агробизнеснинг кичик ва ўрта корхоналари; бошлаётган ва бўлажак тадбиркорлар, жумладан аёл-тадбиркорлар; фермер хўжаликлари ва бошқалар.
Анжуманда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Наманган ҳудудий бошқармаси, Қорақалпоғистон ҳудудий бошқармаси, Қозоғистоннинг Караганда вилояти Савдо-саноат палатаси вакиллари сўзга чиқдилар. Тақдимотдан кўзланган мақсад – ҳамкорларни ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятлари ҳақида хабардор қилиш ва AGROCOMP лойиҳаси доирасидаги вазифаларни амалга ошириш.
Шунингдек, анжуманда Европа Иттифоқи Делегациясининг Ўзбекистондаги раҳбари Эдуард Стипрайс, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Қозоғистон Савдо ва саноат корхоналари ассоциацияси (ССКА) вакиллари ҳамда Италиянинг Ўзбекистон Республикасидаги Элчиси Андреа Бертоцци иштирок этди.
ЎзССП ахборот хизмати
14.07.2017
12:26