Ўзбекистон-Қозоғистон бизнес-форуми
Жорий йилнинг 19 октябрь куни ҳар йилги Ўзбекистон-Қозоғистон бизнес-форуми ва кооперация биржаси бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирларнинг ташкилотчилари сифатида ўзбек томонидан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, қозоқ томонидан эса - «KAZAKH INVEST» Миллий компанияси ҳамда Қозоғистон Республикаси Инвестициялар ва ривожлантириш вазирлиги иштирок этмоқда.
Тадбирда Қозоғистоннинг машинасозлик, қурилиш, озиқ-овқат, фармацевтика, кимё, қадоқлаш, енгил саноат каби соҳаларида фаолият юритаётган 30 дан ортиқ компанияси қатнашади.
Ушбу компанияларнинг маҳсулотлари енгил автомобиллар, электр қозонлар, трансформаторлар, металл черепицалар, алюмин профиллар, цемент, лак-бўёқ материаллари, қувурлар ва фитинглар, мой, ун, шрот, музлатилган балиқ, дори воситалари, каустик сода ва бошқалардан иборат.
Айтиб ўтилган тадбирларни ўтказишдан мақсад икки давлат тадбиркорлари ўртасида савдо алоқаларини йўлга қўйиш ва кенгайтиришга кўмаклашиш, янги қўшма корхоналарни ишга тушириш ва икки томонлама маҳсулот айланмасини оширишдан иборат.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокидаги 200 дан зиёд компания фаолият юритади. Ўтган йил якунларига кўра давлатлар орасидаги маҳсулот айланмасининг ҳажми 2 млрд. АҚШ долларини ташкил этди. Томонлар бу кўрсаткични 5 млрд. АҚШ долларига етказишни кўзламоқда.
Қайд этиш керакки, шу йилнинг март ойида Астанада ҳамда 16 сентябрда Тошкентда бўлиб ўтган иккита бизнес-форум якунлари бўйича Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида умумий қиймати 1,2 млрд. АҚШ долларига тенг шартномалар имзоланди.
Ўзбекистон Республиками ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик кўп асрлик дўстона қўшничилик, дўстлик ва ўзаро ҳурмат анъаналари билан боғланган икки халқнинг туб манфаатларига хизмат қилиб, иқтисодий тараққиёт соҳасида янги савдо йўли яратилишини назарда тутади. Икки давлатнинг бизнес доиралари ўртасидаги алоқалар ҳамда маданий-гуманитар муносабатларнинг янада кенгайиши икки давлатнинг қардош халқлари ўртасидаги дўстлик ҳамда қўшничиликни мустаҳкамлашга қўшимча куч бағишлайди.
Бизнес форум ва кооперацион биржа доирасида АО "Alageum Electric" билан хамкорлик меморандуми ва ТОО "Sieger WDF" билан товар етказиб бериш шартномаси имзоланди.
ЎзССП Ахборот хизмати
19.10.2017
15:52