1-Глобал тадбиркорлик ҳафталигининг расмий очилиш маросими
2017 йилнинг 13 ноябрь куни Ёшлар Иттифоқининг матбуот клубида 13-18 ноябрь саналарида Тошкент, Фарғона ва Самарқанд шаҳарларида ўтказиладиган 1-Глобал тадбиркорлик ҳафталигининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Халқаро бизнес ва технологиялар Ассоциацияси (АМБиТ), Ўзбекистондаги Глобал тадбиркорлик тармоғи (GEN Uzbekistan), Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Савдо-Саноат Палатаси ва GroundZero коворкинг маркази бошқа бир қатор ҳамкор ва йирик маҳаллий компаниялар кўмагида ушбу тадбирга ҳомийлик қилмоқдалар.
Ўзбекистон Глобал тадбиркорлик тармоғига (GEN) жорий йилда қўшилган бўлиб, жаҳондаги энг йирик тадбиркорлик ташуббусининг иштирокчисига айланди. Халқаро бизнес ва технологиялар Ассоциацияси (АМБиТ) Глобал тадбиркорлик тармоғининг (GEN ) Ўзбекистондаги расмий вакили ҳисобланади.
Глобал тадбиркорлик ҳафталиги – бу стартап-лойиҳаларни ишга тушираётган, бизнес ғояларни амалга татбиқ этаётган, тадбиркорлик экотизимини ривожлантиришга туртки берадиган лойиҳаларни ишлаб чиқаётган новаторлар ва иш берувчиларга мўлжалланган халқаро тадбир ҳисобланади. Бундай ўзига хос тадбир айни пайтда жаҳоннинг 160 дан ортиқ мамлакатида ўтказилиб, у инсонларга ўз лаёқатларини рўёбга чиқаришга ёрдам бериб келмоқда.
Ҳар йининг ноябрь ойида бир неча кун давомида Глобал тадбиркорлик ҳафталиги маҳаллий, миллий ва халқаро кўламда ўтказиладиган турли тадбирлар орқали дунёнинг ҳар хил бурчакларида истиқомат қиладиган инсонларни янги марралар сари чорлаб, уларни илҳомлантириб келади.
Глобал тадбиркорлик ҳафталигининг ишчи дастури алоҳида мавзуларга бағишланган 6 кунни қамраб олади: ҳар бир мавзу доирасида иштирокчилар қуйидаги йўналишлар бўйича маҳаллий ва халқаро экспертларнинг тақдимотларида қатнашадилар: тадбиркорлик учун инфратузилма, стартап-ҳаракатларнинг ривожланиши, бизнес самарадорлиги ва тараққиёти, инновациялардан фойдаланиш, аёллар тадбиркорлиги ва инвестицияларни жалб этиш. Олти кун мобайнида 25 дан ортиқ мавзули сессиялар, 50 дан ортиқ тадбир ва семинарлар ўтказилиши, ҳамда 60 дан ортиқ спикерлар маъруза қилиши режалаштирилган.
Тадбирларда давлат органлари, маҳаллий ва чет эл ассоциациялари, йирик компаниялар вакиллари қатнашиб, тадбиркорлик экотизимини ривожлантиришга хизмат қиладиган янги стратегияларни шакллантириш ҳамда турли инструментларни қўллаш бўйича ўз тажрибаларини ўртоқлашадилар.
Ўзаро алоқа ва ҳамкорлик учун платформа вазифасини бажариш, бизнесни ривожлантириш учун Ўзбекистондаги тадбиркорлик экотизимининг барча вакилларини жалб қилиш ва рағбатлантириш – ушбу Глобал ҳафталикнинг бош миссиясидир.
Глобал тадбиркорлик ҳафталиги ишбилармонлик экотизимининг барча вакиллари ва иштирокчиларини бирлаштиришга, уларни ўзаро ҳамкорлик учун янада яқин қилишга ва тингланишига, таълим, ахборот ва қўллаб-қувватлаш орқали янги бизнес мақсадлар сари илҳомлантиришга ёрдам беради. Шу билан бирга, ушбу йирик маросим юртимиз тадбиркорларини замонавий ва халқаро амалиётлар, бизнесни ривожлантирувчи инструментлар билан таништириш, таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистонда ишбилармонликни тараққий эттиришга хизмат қиладиган чора-тадбирларни режалаштиришга катта имконият яратади.
13.11.2017
15:00