Бекобод шаҳрида тадбиркорлар билан навбатдаги учрашув бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 16 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти Бекобод шаҳри ҳокимлигида тадбиркорлик субъектлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда, 50 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари, шаҳар ҳокими, Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов, Марказий банкнинг вилоят ҳудудий бошқарма бошлиғи ўринбосари, ташкилот ва идораларнинг шаҳар бўлинмалари раҳбарлари иштирок этди. Ушрашувни туман ҳокими З.Файзуллаев очиб берди ва иштирокчиларга тадбиркорлик субъектлари учун яратилган шарт-шароитлар ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятида юзага келаётган муаммолар тўғрисида айтиб ўтди.
Шунингдек, Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов сўзга чиқиб, бугунги кунда Президент топшириғига асосан Тошкент вилоятининг барча шаҳар ва туман тадбиркорлик субъектлари билан учрашув ўтказиш ва уларнинг муаммоларини ўрганиш бўйича самарали тизим яратилганлиги тўғрисида айтиб, бундай учрашувлар Тошкент вилоятида видео-селектор ва жойларга чиққан ҳолда тадбиркорлар билан учрашиш орқали ташкил қилинаётганлиги тўғрисида айтди.
Учрашувда тадбиркорлик субъектлари томонидан жами 13 та муаммо билдирилиб, шундан, 6 таси республика даражасида ва қолган 7 таси шаҳар даражасида кўриб чиқиладиган муаммолардир.
Шаҳар даражасида ҳал қилинадиган масалалар ечими юзасидан шаҳар ҳокими томонидан тегишли ташкилотларнинг шаҳар бўлинмалари раҳбарларига топшириқлар берилди.
Республика даражасида ҳал қилинадиган 6 та масала ечими юзасидан Савдо-саноат палатаси томонидан тегишли вазирлик ва ташкилотларга хатлар юборилади ва ССП нинг ҳуқуқий масалалар бўйича Экспертлар кенгашида мазкур тадбиркорлик субъектлари ва тегишли Давлат идоралари вакилларининг иштирокида кўриб чиқилади.
ЎзССП Ахборот ҳизмати
22.02.2018
13:10