“Ўзбекистон-Нидерландия” Агро-Форуми
Жорий йилнинг 13-14 март кунлари Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси кўмагида Нидерландия Қироллигининг сўнгги йиллардаги Ўзбекистонга энг йирик савдо миссияси бўлиб ўтди. Савдо миссиясида голланд қишлоқ хўжалигининг турли секторларига мансуб 35 та етакчи компания иштирок этди.
Ушбу форумдан кўзланган асосий мақсад Нидерландия ва Ўзбекистон аграрийлари ўртасида яқин ишбилармонлик муносабатларини ўрнатиш, ўзбек фермерлари, компаниялари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига голланд қишлоқ хўжалиги компаниялари томонидан таклиф қилинаётган замонавий технологиялар билан таништиришдан иборат бўлди. Форумнинг дастури Нидерландияда уруғчилик, иссиқхона тармоғи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш технологиялари, паррандачилик, сут берувчи чорвани етиштириш, ем ишлаб чиқариш ҳамда агроконсалтинг каби соҳаларда фаолият юритувчи компанияларнинг тақдимотларини қамраб олди.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон ва Нидерландия қатор соҳаларда ажойиб ҳамкорлардир. Қишлоқ хўжалиги борасида иккала давлат ҳам қадимий анъаналарга бой ҳисобланади. Нидерланиядаги компанияларнинг катта гуруҳи томонидан жорий йилда бўлиб ўтадиган Agroworld кўргазмасига ташриф буюриш истагининг билдирилгани бизнесга доир манфаатдорлик ва тайёрлик тезкор суръатларда ўсиб бораётганидан далолат беради.
Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихоналари берган маълумотларига кўра, аксарият компаниялар мева-сабзавот, жумладан иссиқхона хўжаликлари ва картошка етиштириш каби соҳаларга жалб этилган. Иштирокчи компанияларнинг яна бир гуруҳи чорвачилик, хусусан сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва паррандачилик билан шуғулланади. Аграр соҳа ўзбек-голланд ҳамкорлигининг устувор йўналиши ҳисобланади. Таъкидланганидек, Нидерландия томонидан Ўзбекистон давлат тузилмалари, тадқиқот институтлари, хусусий сектори ҳамкорлигида ҳамда халқаро молия институтлари кўмагида мамлакатимиздаги мева-сабзавот ва чорвачилик секторларини янада ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшилиши мумкин.
Савдо миссияси доирасида 14 март куни бўлиб ўтган “Ўзбекистон-Нидерландия” Агро-Форуми давомида голланд компаниялари ўзбекистонлик ҳамкасбларига уруғчилик, иссиқхона тармоғи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш технологиялари, паррандачилик, сут берувчи чорвани етиштириш, ем ишлаб чиқариш ҳамда агроконсалтинг каби соҳалардаги энг янги технологияларга оид маълумотни етказдилар.
Шу кунгача голланд компанияларининг ярмидан кўпи Марказий Осиё давлатларида қишлоқ хўжалик технологияларини муваффақиятли жорий этган бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг агробизнес соҳасидаги салоҳиятини юксак баҳоламоқда.
“Голланд бизнеси анчадан буён Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги соҳасининг салоҳияти ва ишбилармонлик жозибадорлигини ўрганишга қизиқиш билдириб келган. Бугун биз сабзавотчилик, иссиқхона тармоғи, сут берувчи чорвани етиштириш, ем ишлаб чиқариш ва агроконсалтинг соҳаларидаги барча йўналишларни тақдим этувчи 35 дан ортиқ йирик голланд компанияларини олиб келдик. Умид қиламизки, мазкур ташриф ўртамиздаги узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бошланғич нуқтасига айланади”, - дея қайд этди ўз нутқида Нидерландия Қироллигининг Москвадаги элчихонаси қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича масалаҳатчиси Меувес Брауэр.
Форум чоғида Нидерландия томони иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва либераллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган ишлар билан таништирилди.
Хусусан, Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштириш ва инвестицияларни жалб этиш ҳамда халқаро ишбилармон фаолликни ошириш учун қулай шароитни яратишга қаратилган ўзгаришлар алоҳида қайд этилди.
Томонлар шунингдек, иккала давлат ҳам қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун салоҳиятга эга эканлигини таъкидладилар.
Шу билан бирга, Агро-Форум доирасида ўзбек ва голланд бизнесменларининг шахсий учрашувлари (В2В) ҳам бўлиб ўтди. Томонлар ўз билимлари ва тажрибалари билан алмашиб, Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалиги ва мева-сабзавот секторларини ривожлантириш устида ишлашга келишдилар.
Тадбир доирасида иштирокчилар очиқ мулоқот шаклида Ўзбекистон ва Нидерлания ўртасидаги ўзаро манфаатли ва кўп тармоқли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича янги ғоялар ва ташаббусларни муҳокама қилдилар.
Савдо миссиясининг иштирокчилари бўлган алоҳида голланд компаниялари “Қишлоқ хўжалиги”-“ AgroWorld Uzbekistan 2018” 13-Ўзбекистон Халқаро Кўргазмасида ўз стендларини тақдим этдилар. Ўзбекистондаги Agroworld кўргазмаси ва Агрофорумда иштирок этаётган голланд компаниялари қарийб бутун агросаноат соҳасини қамраб оладиган маҳсулотлар ва хизматларнинг кенг кўламини тақдим этдилар.
Маълумот:
Нидерландия аҳолисининг сони 17 млн. одам. Мамлакатда гулчилик сектори йилига 5,2 млрд. еврога тенг ишлаб чиқариш ҳажмини ташкил этади. Мева-сабзавотчилик соҳасидан йилига 2,7 млрд. евро ишланади. Нидерландиядан бутун дунёга мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорти ҳажми 15,5 млн. еврони ташкил этади. Нидерландия мева-сабзавот секторида 400 минг одам банд этилган.
Бугунги кунда Нидерландиянинг иссқихона ишлаб чиқариши экспертлар томонидан энг замонавий ва талабга жавоб берадиган сифатида эътироф этилади. Бу ҳолат мамлакатга, кичкина ҳудуди ва кам сонли аҳолиси бўлишига қарамай, агросекторда халқаро етакчи бўлиб қолиш имконини беради. Ҳозирда Нидерландия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича жаҳонда иккинчи ўринда туради, ўсимликшунослик соҳасида эса етакчи ҳисобланади.
Нидерландия – селекция материалларини ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалигидаги замонавий технологиялар, инновациялар ва эксперт тажрибаси бўйича халқаро етакчидир. Мамлакатдаги қишлоқ хўжалигининг юқори унумдорлиги голланд фермерлари, наслчилик хўжаликлари, технология таъминотчилари, тадқиқот марказлари, озиқ-овқат маҳсулотларига ишлов бериш компаниялари ва ҳукумат ўртасидаги ўзаро муносабатнинг ноёб шакли билан боғлиқ. Доимий инвестициялар оқими, юксак инновация ва шериклик тамойиллари – Нидерландия бутун дунёдаги ҳамкорлари билан бўлишишга тайёр бўлган ўзига хос экспертлик тажрибасидир.
Голландия қишлоқ хўжалиги сектори жуда маҳсулдор ва инновацион саналади. Умуман олганда уруғдан тортиб то сўнгги истеъмолчигача бўлган жами агросаноат занжири Нидерландияда тўлиқ тақдим этилган бўлиб, ҳар бир сегментда халқаро тоифадаги компаниялар мавжуд.
Қишлоқ хўжалиги соҳаси юқори даражада механизациялашгани билан ажралиб туради. Қишлоқ хўжалигида меҳнатга лаёқатли аҳолининг фақат 2% банд бўлсада, сектор ҳам ишлаб чиқариш соҳаси, ҳам экспорт учун салмоқли қўшимча қийматни ҳосил қилади. Нидерландия агросаноат маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича жаҳондаги иккинчи йирик давлатдир.
Нидерландия – жаҳондаги 20-иқтисодиёт ва Евроҳудуддаги бешинчи энг йирик иқтисодиётдир. Мамлакатда тарихан халқаро савдога йўналиш олинган. Нидерландия ривожланган инфратузилмаси ва замонавий технологиялари туфайли юқори иқтисодий кўрсаткичларга эришган. Амстердамдаги «Схипхол» аэропорти – Европадаги энг муҳим транспорт хабларидан бири саналади. Роттердам порти Европадаги энг йирик портдир. Ҳар йили Роттердам портига 140 000 кема (жумладан савдо кемалари) киради. Нидерландия Европанинг транспорт ва логистика дарвозаси бўлгани учун доим чет эллик ҳамкорлар учун жозибадор бўлиб қолади.
ЎзССП Ахборот хизмати
15.03.2018
17:59