БИЗНЕС ЮРИТИШ УЧУН ЕР ЭЛЕКТРОН АУКЦИОН ОРҚАЛИ АЖРАТИЛАДИ
Адлия вазирлиги тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга беришнинг янги тартиби жорий этилишини назарда тутувчи ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиб, ҚҲТБТ порталида жойлаштирди.
Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини «E-IJRO AUKSION»даги электрон аукционлар орқали юридик ва жисмоний шахсларга доимий фойдаланишга бериш ниятидалар.
Бунда ваколатли органлар ер участкаларини беришга доир материалларни кўриб чиқиши ва келишиш учун қўшимча равишда «YER ELEKTRON» махсус автоматлаштирилган инфотизим ишга туширилади. Шу тариқа, бутун жараён «инсон омили» истисно этилган ҳолда фақат электрон шаклда амалга оширилади. Ушбу механизмни 2018 йилнинг иккинчи ярмиданоқ жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Ер участкаларини янги қоидалар бўйича беришнинг муҳокама қилинаётган тартиби анча содда бўлиб, қуйидаги циклдан иборат: ер участкалари рўйхатини шакллантириш ва уларни аукционга қўйиш учун зарур материалларни тайёрлаш – аукцион ўтказилиши ҳақида ахборот жойлаштириш – аукцион ўтказиш – ҳисоб-китоб қилиш ва аукцион натижаларини расмийлаштириш.
Аукционда иштирок этиш учун белгиланган муддатда электрон ариза бериш ва 10 фоизлик закалат тўлаш талаб этилади, холос. Ер участкасининг минимал қиймати (аукциондаги бошланғич баҳоси) жойлашган зонасига қараб шаҳарлар, посёлкалар ва қишлоқ жойлардаги ер участкаларидан фойдаланганлик учун юридик шахсларга белгиланган ер солиғининг йиллик ставкаси, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларининг аукцион ўтказиш билан боғлиқ харажатлари, ваколатли органларнинг материалларни келишиш ишлари қийматидан ташкил топади.
Аукционда лот баҳоси ҳақидаги таклифни охирги бўлиб тасдиқлаган иштирокчи ғолиб бўлади. Аукцион ғолибига ер ажратиш тўғрисидаги қарор расмийлаштирилади, шунингдек ерга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади.
Бу – муҳим! Ишлаб чиқилган ҳужжат намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қурилаётган массивларга, шунингдек қуйидагилар учун мўлжалланган ер участкаларини бериш ҳолларига нисбатан татбиқ этилмайди:
- Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан назарда тутилган муайян турдаги объектлар қурилиши;
- эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳудудларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш;
- давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш;
- ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахслар.
Санаб ўтилган вазиятларда ер участкаларини бериш механизмлари алоҳида норматив ҳужжатларда қайд этилади.
Лойиҳалар ўзгартирилиши, уларга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
17.04.2018
14:56