Республикамизнинг барча худудларида “Ёшлар - келажак бунёдкори” кўргазма савдоси ўтказилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Ёшларга оид давлат сиёсати дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида республиканинг ҳар бир худудида май-июн ойларида “Ёшлар - келажак бунёдкори” шиори остида ёш тадбиркорлар ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган миллий маҳсулотларининг худудий кўргазма савдолари ўтказилмоқда.
Ушбу кўргазмаларининг дастлабкиси Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси тошкент шаҳар худудий бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси билан ҳамкорликда 2018 йил 15 май куни Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида “Ёшлар - келажак бунёдкори” шиори остида ёш тадбиркорлар ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган миллий маҳсулотларнинг Тошкент шаҳар кўргазма савдоси ўтказилди.
Ушбу кўргазмада Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва инновацион ғоялар йўналишлари бўйича умумий 130 дан ортиқ, хусусан ёш тадбиркорлардан 50 нафар, ёш ҳунармандлардан 50 нафар ҳамда ўзининг инновацион ғоялари ва “Startup” лойиҳалари билан 30 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этишди.
Кўргазма давомида ёш тадбиркорлар, ҳунармандлар ва стартапперлар кўргазмага ташриф буюрган меҳмонларга ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни намойиш қилиш билан бир қаторда маҳсулотларни сотиш имконига ҳам эга бўлдилар.
Кўргазмада иштирок этган ёш тадбиркорлар ва ҳунурмандлар учун ушбу ташкил этилган кўргазманинг яна бир нафли томони – фаолияти доирасида янги ҳамкорлар орттиришларига ва ишлаб чиқариш кўламини кенгайтиришга ҳомийлар ва стартапчилар эса ўз инновацион лойиҳаларини ҳаётга татбиқ қилиш учун инвесторлар билан музокаралар ўтказишларига имкон яратилгани бўлди.
Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Ж.Ортикходжаев кўргазма савдога ташриф буюриб, деярли ҳар бир ёш тадбиркор билан суҳбатлашди. Тадбиркорлик фаолиятида қийинчиликларга учраётган ёшларнинг муаммоларини ўрганди ҳамда улар орасидан 10 нафарининг муаммолари жойида ҳал этилиши юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берди.
Кўргазма савдолар республикамизнинг барча худудларида 30 июнга қадар давом этади.
ЎзССП Матбуот хизмати
17.05.2018
10:39