МАРКАЗИЙ ОСИЁ МАМЛАКАТЛАРИ ҲУҚУҚИЙ ТИЗИМИДА МЕДИАЦИЯ
2018 йил 18–20 май кунлари Алматы шаҳрида Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг “Марказий Осиё мамлакатларида ҳуқуқий давлатчиликка кўмаклашиш” дастури доирасида “Марказий Осиё мамлакатлари ҳуқуқий тизимида медиациянинг истиқболлари” мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Тожикистон, Туркманистон, Кирғизистон, Қозоғистон, Украина, Ўзбекистон мамлакатларидан ташриф буюрган олимлар, судьялар, медиаторлар, адвокатлар, арбитрлар, ҳакамлик судъялари ва давлат органларининг масъул ходимлари иштирок этдилар.
Халқаро конференцияни Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг “Марказий Осиё мамлакатларида ҳуқуқий давлатчиликка кўмаклашиш” дастури директори Йорг Пуделька кириш сўзи билан очиб берди ва унда “Ҳуқуқ устуворлиги Европа маркази” Кенгаши аъзоси, медиатор Алина Сергеева, Ярослав Мудрый номидаги Украина миллий юридик университети ассисенти, юридик фанлари номзоди, медиатор Татьяна Цувинанинг маърузалари тингланди.
Семинарда “Одил судловга мурожаат қилишнинг халқаро стандартларига эришишда низоларни муқобил ҳал қилишнинг роли”, “Низоларни муқобил ҳал қилиш тизимида медиация, уни ўзига хос хусусиятлари ва принциплари”, “Медиация моделлари ва унинг суд тизими ҳамда бошқа юридик касблар билан ўзаро муносабати”, “Медиаторларга қўйиладиган талаблар, уларнинг этика қоидалари”, “Медиацияни ўтказиш тартиби ва медиатор техникаси”, “Медиатив келишувни тузиш ва уни расмийлаштириш”, “Медиатив келишувни ижро қилиш” каби мавзулар кенг ва қизғин муҳокама қилинди.
Шунингдек семинарда Ўзбе-кистон Савдо-саноат палатаси ҳузу-ридаги Халқаро тижорат арбитраж судининг раиси Отахонов Фозилжон “Ўзбекистонда медиацияни ривож-лантириш истиқболлари” билан иштирокчиларни таништирди.
Семинарда таъкидланганидек, кўп асрлар давомида медиация давлатлараро алоқаларда, оилалар, қўшнилар, сиёсий партиялар, профессианал, диний ва бошқа жамоатчилик гуруҳлари ўртасида ва парламентда юзага келадиган низоларни баратараф этишда муваффақиятли қўлланилган.
Бизнинг давримизда медиация ва унинг таркибига кирадиган усулларнинг аҳамияти каттадир. У нафақат оила ва меҳнат низоларида, балки, ҳар қандай даражадаги мулкий муносабатларда, жумладан, компаниялар, корпорация менежменти ва унинг акциядорлари ўртасидаги, шунингдек, халқаро ҳуқуқ субъектлари орасидаги қарама-қаршиликларни бартараф этишда ҳам қўлланилмоқда.
Медиацияни ўрганиш бўйича халқаро тадбирларда унинг самарадорлиги бўйича бир қанча рақамлар келтирилади. Масалан, АҚШда мазкур процедурадан ўтган ишларнинг 95 фоизи суд муҳокамасигача етиб бормаган. Германияда медиациянинг кўрсаткичлари катта таассурот қолдиради – 90 фоиздан кўпроқ музокаралар тарафларнинг келишув битими билан якунланган. Қуйи Саксонияда самарадорлик 97 фоизни ташкил этади. Буюк Британияда 90-95 фоиз низоли ҳолатлар суд муҳокамасигача ҳал этилади. Европада медиациянинг самарадорлиги ўртача 40-80 фоизни ташкил этади.
Медиация кенг қўлланиладиган давлатларда у одил судловга эришишни таъминловчи усуллардан бири эканлиги тўғрисидаги фикр мустаҳкам ўрин эгаллаган. Бу ҳақиқатдан ҳам шундай. Ҳозирги даврда судларга келиб тушаётган ишлар сони ортиб бораётганлиги сабабли жамият низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларини қидирмоқда. Бунга жумладан, низоларни ҳакамлик судлари ва тижорат арбитражлари томонидан ҳал этилиши киради. Низоларни ҳал этишда охирги натижага эришиш усули сифатида медиациядан фойдаланиш ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Одатда давлат судлари низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларини ривожлантиришга ҳар томонлама кўмак беради, сабаби улар давлат судларидаги ишлар сонини нормаллаштиришга шунингдек, одил судловни самарали амалга ошириш учун зарур шароит яратишга имкон туғдиради.
Медиация қуйидаги принципларга асосланади: ихтиёрийлик; тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги; холислик, медиаторнинг одиллиги; махфийлик.
Семинар иштирокчилари Марказий Осиё мамлакатларида медиация институтининг ҳуқуқий асослари ва амалиёти билан ўзаро бир-бирларини таништирдилар. Хусусан Қозоғистон ва Қирғизистонда қабул қилинган медиация тўғрисидаги қонунларнинг мазмун-моҳияти ва ўзига хос хусусиятлари, шунингдек Ўзбекистон ва Тожикистоннинг медиация тўғрисидаги қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Семинар якунида иштирокчиларга Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг “Марказий Осиё мамлакатларида ҳуқуқий давлатчиликка кўмаклашиш” дастури директори ва тренерлар томонидан имзоланган медиация бўйича курсдан муваффақиятли ўтганликлари тўғрисида сертификатлар берилди.
22.05.2018
10:43