Тафтиш тўғрисида нималарни биласиз ?
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун қулай шароит яратиш, хусусий мулк муҳофазаси ва кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлида бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, инвестиция муҳити ва ишбилармонлик ҳолатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар изчил равишда амалга оширилмоқда.
Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб юртимизда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш энг долзарб вазифалардан бири деб белгиланган бўлиб, ушбу вазифани бажариш йўлида мустаҳкам қонунчилик пойдевори яратилди ва тадбиркорлик замон билан ҳамнафас холда жадал суръатларда ривожланаётган бўлиб, унинг учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида қонунчилик базаси ҳам мунтазам равишда такомиллашиб бормоқда.
Табиийки, хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолияти амалдаги қонунчиликка мувофиқ назорат идоралари томонидан текширувдан ўтказилиб борилади. Бу борада текширувлар қаторида ҳужжатли тафтиш (ёки тафтиш) алоҳида ўрин тутади.
Ҳужжатли тафтиш (ёки тафтиш) – бу молиявий назоратнинг энг тўлиқ шакли ҳисобланади. Ҳужжатли тафтиш деганда тафтиш қилинаётган ташкилотнинг ҳўжалик операциялари қонунийлиги ва асослилиги, улар бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботларида тўғри акс эттирилганлигини текшириш бўйича назорат харакатлари мажмуи тушунилади. Тафтиш иқтисодий жиноятларни тергов қилишда далиллар тўплашнинг усулларидан бири бўлиб хизмат қилади.
Тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини хужжатли тафтиш қилиш масалалари Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 22-бобида белгилаб берилган, хусусан, тадбиркорлик субъектини тафтиш қилиш фақат у содир этган қонунбузарлик фактлари бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида амалга оширилиши мумкин ва бунда тафтишга тадбиркорлик субъектининг фақат қўзғатилган жиноят иши билан боғлиқ фаолияти қамраб олиниши мумкин. Жиноят иши қўзғатилгунга қадар, яъни терговга қадар текширув даврида тафтиш бошқа юридик шахслар (бюджет ва нотижорат ташкилотлар)га нисбатан тайинланиши мумкин. Тадбиркорлик субъектларини тафтиш қилиш жараёнида тадбиркорнинг юридик хизмати вакиллари, савдо-саноат палатаси (Палатага аъзо субъектларда) ва (ёки) жалб этилган адвокатлар албатта иштирок этишлари лозим.
Тафтиш ўтказиш учун келган шахслар уни бошлашдан аввал текширилаётган субъектни тафтиш ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилувчи ҳужжатлар (тафтиш тайинлаш тўғрисидаги қарор ёки ажрим, ваколатли органнинг тафтиш ўтказиш тўғрисидаги буйруғи, тафтиш ўтказувчи шахснинг хизмат гувохномаси, тафтишга рухсат бериш тўғрисидаги махсус гувохнома) билан мажбурий равишда таништиришади ва текширувларни рўйхатдан ўтказиш китобига ёзув киритадилар.
Тафтиш тайинлаш тўғрисидаги қарорнинг ёки ажримнинг ва ваколатли органнинг тафтиш ўтказиш ҳақидаги буйруғининг кўчирма нусхалари текширилаётган субъектнинг мансабдор шахсига ёки вакилига имзо қўйдириб топширилади, шунингдек улар хизмат гувоҳномаси ва тафтишга рухсат бериш тўғрисидаги махсус гувоҳнома билан таништирилган пайт тафтиш ўтказиш бошланган пайт деб ҳисобланади. Айрим холларда текширилаётган субъектнинг мансабдор шахси ёки вакили тафтиш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатларни олиш ва улар билан танишишдан бош тортиш холатлари учраб туради. Бироқ ушбу тафтишни бекор қилиш учун асос бўлиб хизмат қилмайди.
Текширилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг мансабдор шахси ёки вакили тафтиш ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатларни, ахборотни ва материалларни тафтиш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар нусхаларини олганидан ва улар билан танишиб чиқилганидан кейингина тафтиш ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатларни, ахборотни ва материалларни тақдим этиши шарт.
Тафтиш якунланганидан сўнг тафтиш натижалари тўғрисида далолатнома тузилади ва унинг нусхаси текширилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг мансабдор шахсига ёки вакилига топширилади ва далолатнома нусхаси топширилган сана тафтиш ўтказиш тугалланган сана деб ҳисобланади.
Тафтишни ўтказиш муддати ўттиз кундан иборат. Зарур бўлган ҳолларда, текширилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг ҳужжатлари ҳажми, фаолиятининг тури ва кўламлари ҳисобга олинган ҳолда, тафтиш муддати тафтиш ўтказувчи шахснинг асослантирилган илтимосномасига асосан суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими билан узайтирилиши мумкин.
Тафтиш ўтказиш жараёнида текширилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг мансабдор шахслари ёки вакиллари қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга:
- текширувчи шахслардан тафтиш ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатларни талаб қилиш, хизмат гувоҳномаси, шунингдек тафтишга рухсат бериш тўғрисидаги махсус гувоҳнома билан танишиш;
- ўз фаолияти тафтишдан ўтказилиши тўғрисида тегишли ахборотга эга бўлиш, тафтиш ўтказувчи шахслар томонидан тадбирлар ўтказилиши чоғида тушунтиришлар бериш ва улар жараёнида ҳозир бўлиш;
- тафтиш ўтказувчи шахсларнинг ўз ваколатига кирмайдиган масалаларга доир талабларини бажармаслик ва ушбу шахсларни тафтиш мавзуига тааллуқли бўлмаган ҳужжатлар, ахборот ва материаллар билан таништирмаслик;
- хизмат гувоҳномасини, тафтишга рухсат бериш тўғрисидаги махсус гувоҳномани, тафтишни тайинлаш ҳақидаги қарорнинг ёки ажримнинг, ваколатли органнинг тафтиш ўтказиш тўғрисидаги буйруғининг кўчирма нусхаларини тақдим этмаган шахсларни тафтиш ўтказиш учун ҳудудга ва биноларга киритмаслик, шунингдек тафтиш муддатлари бошланмаган ёки ўтиб кетган ёхуд тафтиш ўтказувчи шахс текширувларни рўйхатдан ўтказиш китобини тўлдиришни рад этган тақдирда, ҳудудга ва биноларга киритмаслик;
- тафтиш тугалланган кунда тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатноманинг бир нусхасини тафтиш ўтказувчи шахслардан олиш;
- қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тафтиш натижалари устидан шикоят қилиш, шу жумладан суриштирувчига, терговчига, прокурорга ёки судга қўшимча ёки қайта тафтиш тайинлаш тўғрисида илтимоснома киритиш йўли билан шикоят қилиш.
Текширилаётган субъектнинг мансабдор шахслари ёки вакиллари:
- тафтиш ўтказувчи шахсларни тафтиш ўтказиш учун ҳудудга ва биноларга киритиши;
- тафтиш ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатларни, ахборотни ва материалларни тафтиш ўтказувчи шахсларнинг қонуний талабига кўра тақдим этиши;
- тафтиш ўтказувчи шахсларнинг ўз мажбуриятларини бажаришида уларга кўмаклашиши шарт.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Хўжалик юритувчи субъектлар тадбиркорлик сохасига оид норматив-ҳуқуқий хужжатларни мунтазам ўрганиб боришлари ва уларнинг туб мохиятини англаб, амалиётда тўғри қўллашлари ўз фаолиятларида содир этилиши мумкин бўлган қонунбузарликларни олдини олишга ва уларга чек қўйишга хизмат қилади.
03.07.2018
18:05