“Ҳалол стандартлари талаблари асосида маҳсулотлар ва хизматларни ихтиёрий сертификациялаштириш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарор лойиҳаси ўрганилиб, Жамоатчилик экспертизаси Хулосаси берилди.
Савдо-саноат палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2017 йил 19 июндаги 5087-сонли Фармонининг 5-бандига асосан тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш мақсадида бир қатор ҳуқуқий-норматив акт лойиҳалари бўйича жамоатчилик экспертизаси ўтказилди.
Мисол учун, “Ўзстандарт” агентлиги томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг “Ҳалол стандартлари талаблари асосида маҳсулотлар ва хизматларни ихтиёрий сертификациялаштириш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори лойиҳаси ўрганилиб, ушбу лойиҳа юзасидан қуйидаги тавсияларни ўз ичига олган Жамоатчилик экспертизаси Хулосаси берилди:
- Лойиҳа иловасининг 1-банд 7-хатбошисига кўра, “мустақил экспертлар кенгаши – маҳсулотлар ва хизматларни ҳалол талабларга мувофиқлигини баҳолаш юзасидан ўтказилган сертификатлаштириш ёки инспекция назоратига тегишли бўлган ҳужжатлар асосида қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлган кенгаш”, – деб белгиланган.
Бироқ, лойиҳа иловасида ушбу кенгашнинг вазифалари ҳамда қарор қабул қилишдаги ваколотлари аниқ белгилаб берилмаган. Бу, ўз навбатида, кенгаш ишида ноаниқликларга олиб келиши мумкин.
Шу боис, лойиҳа иловасида кенгаш вазифалари ҳамда ваколатларини аниқ белгилаб қўйиш тавсия этилди.
- Лойиҳа иловасининг 3-банд 10-хатбошисига кўра, маҳсулотлар ва хизматларни ҳалол талаблари асосида сертификатлаштириш босқичларидан бири сифатида “инспекция назоратини ўтказиш” белгиланган.
Бироқ, лойиҳада мазкур инспекция назорати ким томонидан, қандай тартибда ва муддатларда ўтказилиши кўрсатилмаган.
Бу эса, амалиётда инспекция назоратини амалга ошириш босқичида ўзбошимчаликлар ва суистеъмолликлар каби салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
Юқоридагиларни инобатга олиб, лойиҳа иловасида амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Инспекция назоратини ўтказиш тартибини белгилаш тавсия этилди.
- Лойиҳа иловасининг 7-банд 3-хатбошисига кўра, маҳсулотларни ҳалол талаблари асосида сертификатлаштиришда ариза берувчи томонидан “маҳсулотларга ёки уларни ишлаб чиқаришга тегишли бўлган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар”нинг аризага илова қилиниши белгиланган.
Бу орқали, тадбиркорлик субъектларига ортиқча ва кераксиз бўлган қўшимча мажбуриятлар юклаш назарда тутилган.
Яъни, ариза берувчи томонидан маҳсулотларга ёки уларни ишлаб чиқаришга тегишли бўлган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни сертификатлаштириш органига тақдим этилиши шарт эмас. Аксинча, ушбу орган бундай норматив-ҳужжатларни мустақил равишда олиши мумкин.
Шу боис, лойиҳа иловасининг 7-банд 3-хатбошисини чиқариб ташлаш тавсия этилди.
- Лойиҳа иловасининг 7-банд 4-хатбошисига кўра, “маҳсулотларга қўшиладиган барча қўшимчалар, ингридиентлар, шунингдек хизматлар (пудратчилар) ҳамда ходимлар тўғрисидаги маълумотлар” маҳсулотларни ҳалол талаблари асосида сертификатлаштириш учун аризага илова қилиниши белгиланган.
Ушбу хатбошидаги норма аниқ ифодаланмаган. Хусусан, унда ходимлар тўғрисида қандай маълумотлар илова қилиниши кўрсатилмаган.
Шунингдек, маҳсулотлар ҳалоллигини белгилаш учун ходимлар, хизматлар (пудратчилар) тўғрисида маълумотларнинг талаб қилинишида ўзаро боғлиқлик йўқ.
Бундан ташқари, бундай маълумотларнинг тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиниши натижасида амалиётда улар фаолиятига қўшимча аралашиш каби салбий оқибатлар келиб чиқиши мумкин.
Шу сабабли, лойиҳа иловасининг 7-банд 4-хатбошисидан “шунингдек хизматлар (пудратчилар) ҳамда ходимлар” сўзларини чиқариб ташлаш тавсия этилди.
- Лойиҳа иловасининг 7-банд 6-хатбошисига кўра, маҳсулотларни ҳалол талаблари асосида сертификатлаштириш учун аризага “маҳсулотларнинг сифатини назорат қилиш мақсадида синов лабараториясининг мавжудлиги ёки бошқа синов лабараториялари билан шартномалар тузилганлиги ҳақидаги маълумотлар” илова қилиниши белгиланган.
Ушбу норма орқали тадбиркорлик субъектларига нисбатан ортиқча ва кераксиз талаблар белгиланган. Бу эса, улар фаолиятида ортиқча бюрократик тўсиқларни пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
Бундан ташқари, синов лабараториялари мавжудлиги талабини белгилаш самарасиз ҳамда ушбу норманинг амалиётда ишламаслигига олиб келади. Чунки, бундай синов лабараториялари тадбиркорлик субъектларининг ўзида мавжуд бўлади ҳамда уларнинг манфаатини кўзлаган ҳолда фаолият юритади.
Шу боис, лойиҳа иловасининг 7-банд 6-хатбошисини чиқариб ташлаш тавсия этилди.
- Лойиҳа иловасининг 7-банд 9-хатбошисига кўра, хизматларни ҳалол талаблари асосида сертификатлаштиришда ариза берувчи томонидан аризага “пудратчилар томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳамда ходимлар тўғрисидаги маълумотлар” илова қилиниши белгиланган.
Ушбу Хулоса 4-бандидаги тавсияларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа иловасининг 7-банд 9-хатбошисидан “ҳамда ходимлар” сўзларини чиқариб ташлаш тавсия этилди.
- Лойиҳа иловасининг 9-бандига кўра, “Сертификатлаштириш органи аризани ва унга илова қилинган ҳужжатларни таҳлил қилади. Таҳлил натижаси бўйича икки иш куни ичида аудит ўтказиш ёки асослантирилган рад жавобини юбориш тўғрисида қарор қабул қилади”, - деб белгиланган.
Аммо, лойиҳада бундай таҳлиллар қандай талаб ва асосларга кўра ҳамда қанча муддатда амалга оширилиши, унда ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни текшириш тартиби назарда тутилмаган.
Бу эса, амалиётда турли тушунмовчиликлар, аризани қабул қилиш ёки уни қабул қилишни рад этиш муддатини чўзилиб кетиши каби салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа иловасида сертификатлаштириш органи томонидан аризани ва унга илова қилинган ҳужжатларни таҳлил қилиш тартиби ҳамда муддати, уларни таҳлил қилиш кандай талаб ва асосларга кўра амалга оширилишини белгилаш тавсия этилди.
- Лойиҳа иловасининг 11-бандига кўра, “Ариза қабул қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан сўнг сертификатлаштириш органи ва ариза берувчи ўртасида сертификатлаштиришни ўтказиш тўғрисида шартнома тузилади”, - деб белгиланган.
Қонунчилик ҳужжатларида ариза қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш тушунчаси мавжуд эмас.
Шу сабабли, лойиҳа иловасининг 11-бандидан “қабул қилиш тўғрисидаги қарор” сўзларини чиқариб ташлаш тавсия этилди.
- Лойиҳа иловасининг 13-бандига кўра, “Сертификатлаштириш бўйича биринчи тўловдан сўнг уч иш кунида сертификатлаштириш органи аудиторлар гуруҳини шакллантиради”, - деб белгиланган.
Аммо, лойиҳада тўловнинг бошқа турлари (биринчи, иккинчи ёки бошқа) назарда тутилмаган. Бу эса, амалиётда турли тушунмовчиликлар келиб чиқишига олиб келиши мумкин.
Шу боис, лойиҳа иловасида мазкур тўловларни тўлаш тартибини аниқлаштириш ёки 13-банддан “биринчи” сўзини чиқариб ташлаш тавсия этилди.
- Лойиҳа иловасининг 14-бандига кўра, “Аудитор гуруҳининг шахсий таркиби, аъзоларининг ҳуқуқ, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, шунингдек сертификатлаштиришни ўтказиш муддатлари ва жойи сертификатлаштириш органи раҳбарининг қарори билан белгиланади”.
Ушбу норма орқали аудитор гуруҳи аъзоларининг ҳуқуқ, мажбуриятлари ва жавобгарлиги масалалари ҳам сертификатлаштириш органи раҳбарининг қарори асосида белгиланиши назарда тутилган.
Бу эса, амалиётда турли номувофиқликларни келтириб чиқаради. Чунки, раҳбарнинг ўз қўл остидаги ходимларнинг ҳуқуқ, мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилаб бериши коррупцион тизим келиб чиқишига шароит яратадиган ҳолат.
Бундан ташқари, ҳар бир алоҳида ҳолатларда аудитор гуруҳи аъзоларининг ҳуқуқ-мажбуриятлари ва жавобгарлиги алоҳида белгиланиши шарт эмас.
Шу сабабли, лойиҳа иловасининг ўзида аудитор гуруҳи аъзоларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини, шунингдек аудит гуруҳи аъзоларининг сонини аниқ белгилаш тавсия этилди.
- Лойиҳа иловасининг 16-бандига кўра, “Сертификатлаштиришга доир ҳужжатларнинг таҳлили уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқлигини аниқлаш мақсадида ўтказилади”, - деб белгиланган.
Лекин, лойиҳада сертификатлаштиришга доир ҳужжатлар деганда қандай ҳужжатлар назарда тутилганлиги, шунингдек бундай таҳлиллар ким томонидан амалга оширилишианиқлаштирилмаган.
Бу эса, амалиётда ушбу норманинг ишламаслигига олиб келиши мумкин.
Шу боис, лойиҳа иловасининг 16-бандини юқоридагиларни инобатга олган ҳолда аниқ ифодалаш тавсия этилди.
- Лойиҳа иловасининг 23-бандига кўра, “Сертификатлаштириш аудити ҳисоботи ва синов натижалари мустақил экспертлар кенгашига қарор қабул қилиш учун тақдим этилади. Сертификатлаштириш аудитида иштирок этган аудиторлар сертификатлаштириш қарорини қабул қилиш жараёнида иштирок этмайди.
Мустақил экспертлар кенгаши қарорига асосан “Ҳалол” маҳсулотлар ва хизматлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ёки номувофиқ деб топилиши мумкин”, - деб белгиланган.
Аммо, лойиҳа иловасида аудит ҳисоботи ва синов натижаларини мустақил экспертлар кенгашига қарор қабул қилиш учун тақдим этишнинг ҳамда бундай қарорни мустақил экспертлар кенгаши томонидан қабул қилишнинг муддатлари белгиланмаган.
Бу эса, амалиётда ушбу муддатларни турлича белгилаш ва уни узайтириб юбориш каби салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
Бундай оқибатларни олдини олиш мақсадида лойиҳа иловасида аудит ҳисоботи ва синов натижаларини мустақил экспертлар кенгашига тақдим этиш муддати ҳамда мустақил экспертлар кенгаши томонидан қарорларни қабул қилиш муддатини аниқ белгилаб қўйиш тавсия этилди.
- Лойиҳа иловасининг 29-бандига кўра, “Мувофиқлик сертификатини беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
тақдим этилган ҳужжатларининг таҳлили ёки сертификатлаштириш аудитида аниқланган номувофиқликларнинг белгиланган муддатларда бартараф этилмаганлиги;
сертификатлаштириш бўйича тўлов амалга оширилмаганлиги”, - деб белгиланган.
Аммо, лойиҳа иловасида аниқланган номувофиқликларни бартараф этишнинг муддатлари аниқ белгиланмаган.
Бундан ташқари, лойиҳа иловасининг 9-бандига кўра, тақдим этилган ҳужжатларнинг таҳлили натижалари бўйича аризани рад этиш бўйича қарор қабул қилишда асос бўлиши мумкинлиги белгиланган.
Ушбу ҳолатда бир хил асос, яъни тақдим этилган ҳужжатларнинг таҳлили натижаси ҳам аризани рад этишда ҳам мувофиқлик сертификатини беришни рад этишда асос қилиб белгиланган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳадаги бундай ноаниқликларни бартараф этиш тавсия этилди.
- Лойиҳа иловасининг 31-банди 1-хатбошисига кўра, “Сертификатлаштириш натижаларидан норози бўлган тақдирда ариза берувчи бир ой ичида “Ўзстандарт” агентлигининг Шикоятларни қараб чиқиш кенгашига ёки бевосита судга мурожаат этишга ҳақлидир”, - деб белгиланган.
Ушбу норма орқали ариза берувчиларнинг нафақат Шикоятларни қараб чиқиш кенгашига балки судга ҳам мурожаат қилиш муддати бир ойлик муддат қилиб белгиланган.
Бу эса, тадбиркорлик субъектларининг қонунчиликда белгиланган ҳуқуқларини чеклайди.
Хусусан, Фуқаролик кодексининг 150-моддасига кўра, умумий даъво муддати 3 йил қилиб белгиланган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа иловасининг 31-банди 1-хатбошисини қуйидаги таҳрирда баён қилиш тавсия этилди:
“Сертификатлаштириш натижаларидан норози бўлган тақдирда ариза берувчи бир ой ичида “Ўзстандарт” агентлигининг Шикоятларни кўриб чиқиш кенгашига ёки қонунчиликда белгиланган тартибда бевосита судга мурожаат этишга ҳақлидир”.
- Лойиҳа иловасининг 32-банди 1-хатбошисига кўра, “Инспекция назорати маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштиришда белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш мақсадида мувофиқлик сертификатини берган сертификатлаштириш органи томонидан ҳар олти ойда амалга оширилади”, - деб белгиланган.
Аммо, лойиҳа иловасида инспекция назорати қандай тартибда ва асосларда амалга оширилиши белгиланмаган.
Бу ўз навбатида, амалиётда тадбиркорлик фаолиятига аралашиш, уларга қўшимча талаблар юклаш каби салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
Шу боис, лойиҳа иловасида инспекция назоратини тадбиркорлик фаолиятига аралашмаган ҳолда амалга ошириш тартиби ва асосларини белгилаш тавсия этилди.
- Лойиҳа иловасининг 32-банди 3-хатбошисига кўра, “Сертификатлаштирилган корхонани хизмат кўрсатиш жойи ёки ишлаб чиқариш манзиллари ўзгарган ҳолатда сертификатлаштириш жараёни қайта амалга оширилади”, - деб белгиланган.
Лойиҳа иловасида бундай норманинг белгиланиши асослантирилмаган. Хусусан, “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги қонунда сертификатлаштирилган корхонани хизмат кўрсатиш жойи ёки ишлаб чиқариш манзиллари ўзгарган ҳолатда сертификатлаштириш жараёни қайта амалга ошириш лозимлиги назарда тутилмаган.
Бундан ташқари, корхонанинг хизмат кўрсатиш жойи ёки ишлаб чиқариш манзиллари ўзгариши у ишлаб чиқарадиган маҳсулотнинг ҳалоллик даражасига ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмайди ҳамда бундай ҳолатда сертификатлаштириш жараёнини қайта амалга ошириш шарт эмас.
Шу сабабли,лойиҳа иловасининг 32-банди 3-хатбошисини чиқариб ташлаш тавсия этилди.
- Лойиҳа иловасининг 34-банди 4-хатбошисига кўра, мувофиқлик сертификатининг амал қилиши “кўрсатилаётган хизматлар, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, технологияга доир жараёнлар ва ускуналарни сертификатлаштириш органини огоҳлантирмаган ҳолда ўзгартирилганда” тўхтатилиши белгиланган.
Ушбу норманинг белгиланиши асослантирилмаган.
Шунингдек, корхонанинг ускуналарини сертификатлаштириш органини огоҳлантирмаган ҳолда ўзгартириши маҳсулотнинг ҳалоллик даражасига ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмайди.
Ушбу норманинг бундай ифодаланиши тадбиркорлик фаолиятига ортиқча аралашиш каби салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
Шу боис, лойиҳа иловасининг 34-банди 4-хатбошисидан “ускуналарни” сўзини чиқариб ташлаш тавсия этилди.
- Лойиҳа иловасининг 37-бандига кўра, “Мувофиқлик сертификати сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганда сертификатлаштириш органи, “Ўзстандарт” агентлиги ва суднинг қарорига асосан бекор қилинади”.
Бироқ, ҳужжатнинг сохталиги фақат суд тартибида исботланади ва суднинг тегишли ҳукми ёки қароридан сўнг ҳужжат сохта деб тан олинади.
Шу боис, Низом лойиҳаси иловасининг 37-банди 3-хатбошисини қуйидаги таҳрирда баён қилиш тавсия этилди:
“сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда мувофиқлик сертификати олинганлиги ўрнатилган тартибда исботланса”.
- Ушбу лойиҳа ҳизирда амалга оширилаётган ислоҳотларга тўғри келмайди. Хусусан, лойиҳада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5409-сонли Фармони талаблари инобатга олинмаган.
Гарчи, лойиҳада бундай сертификатлаштириш ихтиёрий амалга оширилиши белгиланган бўлсада, аммо унда бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш ва сертификат олишни соддалаштириш чора-тадбирларидан келиб чиқувчи нормалар назарда тутилиши лозим.
Юқорида келтирилган Фармон талаблари ва Хулосадаги тавсияларни инобатга олган ҳолда, ушбу лойиҳани қайта ишлаб чиқиш тавсия этилди.
Ушбу Хулосани беришда, энг аввало, ишбилармонлик муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган нормаларни меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларидан чиқариб ташлаш ва бу орқали уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини олдини олиш, қонунчиликдаги номувофиқликлар ва такрорланишларга йўл қўймаслик назарда тутилди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, бу каби норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ўрганиш ва уларга Хулоса бериш орқали Савдо-саноат палатаси Республика бизнес ҳамжамиятининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
ЎзССПнинг Қонунчилик хужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини бахолаш бошқармаси
26.07.2018
18:03