Ўзбекистон ҳунармандлари Францияда ўтказилган фестивалда иштирок этди
Мамлакатимиз жаҳоннинг кўплаб давлатлари билан маданий алоқаларини тобора кенгайтириб бормоқда. Жумладан, бир қатор хорижий давлатларда юқори савияда ўтказиб келинаётган «Ўзбекистон маданияти кунлари» дунё ҳамжамиятининг ўзбек маданияти ва санъатига, юртимизга, қадимий анъаналаримиз ва ибратли қадриятларимизга бўлган қизиқишини оширмоқда.
Жорий йилнинг 20 – 29 июль кунлари Франциянинг марказида жойлашган Ганна шаҳрида “Дунё маданияти – Ганна - 2018” халқаро фестивалининг очилиши бўлиб ўтди.
Унда «Хунарманд» уюшмаси раиси У.Абдуллаев бошчилигида уюшманинг аъзолари бўлган уста ҳунармандлар ҳамда “Сардоба” фольклор-этнографик ансамбли ва “Лазги” гуруҳи иштирок этди.
Мазкур тадбир 45 маротаба ўтказилаётган бўлиб, унда 700 дан ортиқ хорижлик меҳмонлар иштирок этишди.
Қайд этиш лозим, “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан намойиш этилган миллий стендлар иштирокчиларга катта қизиқиш уйғотди. Уларда ўзбек уста-ҳунармандлари томонидан халқ амалий санъатининг намунлари намойиш этилди.
Хусусан, ёғоч ўймакорлиги, кашта, миниатюра, миллий либослар ва кулолчилик намуналари шулар жумласидандир. Бундан ташқари ўзбек усталари француз ҳунармандлари билан биргаликда “ўзбек – француз дўстлиги” деб номланган санъат асарини (ёғоч ўймакорлиги техникаси асосида) яратдилар. Фестивал доирасида уста-ҳунармандлар томонидан маҳорат дасрлари ҳам ўтказилди.
Фестивал доирасида Париждаги мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан хорижликлар орасида ўзбек халқининг маданий мероси ва анъаналарини кенг тарғиб қилишга қаратилган “Ўзбекистон маданияти кунлари” ҳам ташкил этилди.
Унда “Сардоба” ижодий жамоаси халқимизнинг кўп асрлик анъаналари, замондошларимизнинг орзулари, умидлари ва қувончларини акс эттирувчи дастурлар намойиш этилди.
Бундан ташқари, анжуман иштирокчилари ўзбек рақс мактабининг ривожланиш тарихи, “Шошмақом” турлари ва ушбу маданий бойликни сақлаб қолиш борасидаги саъй-ҳаракатлар билан танишдилар. Чет эллик иштирокчиларга ўзбек шеърияти ва мусиқаси чуқур таассурот қолдирди. Фестиваль меҳмонлари “Муножот”, “Мустаҳзод”, “Ёр-ёр”, “Келин-салом” ва “Бешик тўйи” каби маросимлар намойишини мамнуният билан томоша қилишди ва завқланишди.
Франция маданияти ва анъаналари миллий ассоциация президенти Л.Рохинг Ўзбекистон делегациясининг фаол иштирокини алоҳида эътироф этиб, ўзбек - француз дўстлик муносабатларини риволантириш ва мустаҳкамлашга қўшган ҳиссалари учун ўз миннатдорчилигини билдирди.
Ўз ССП Матбуот хизмати
31.07.2018
16:04