Одоб-ахлоқ нормаларига риоя қилиш – муваффақиятли бизнес гарови
/uploads/news/files/kodeks_uzb.docx
Бизнес юритиш ва бизнес айирбошлашнинг тан олинган жаҳон стандартларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан "Бизнес юритиш этикаси кодекси" лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Ижроия қўмитасининг 2018 йил 16 июль кунги 11-сонли Баён билан тасдиқланди. Мазкур Кодексда бизнес юритишда аҳлоқий меъёрлар, тадбиркорлик фаолиятида ишчанлик муносабатлари, самарали ҳамкорлик ва ходимлар ўртасида ўзаро хурмат муҳити ўрнатилишига кўмаклашади ва аҳлоқий ҳулқ-атворни тарғиб қилиш, қонунбузарликларнинг олдини олиш ҳамда меҳнат жамоаси орасидаги муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган зиддиятли ҳолатларни бартараф этишда фойдаланилади.
Кодексни ишлаб чиқиш жараёнида унинг лойиҳаси тадбиркорлар орасида муҳокама қилиниши учун Палатанинг веб-сайтида жойлаштирилди. Бундан ташкари, Кодекс лойиҳаси Давлат рақобат қўмитаси, Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Тошкент давлат юридик университетига ҳам юборилди ва келиб тушган асосли ва мазмунли таклифлар асосида қайта кўриб чиқилди.
Ишлаб чиқилган Кодекснинг нормалари ишбилармонлик ҳулқ-атворнинг асосий принциплари ва қоидаларини мустаҳкамлаш, юксак этика стандартларга асосланган ягона корпоратив маданиятни ривожлантириш, корхонанинг ўз ходимлари, таъсисчилари (қатнашчилари), давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг вакиллари, шериклари, рақобатчилари ҳамда бошқа манфаатдор шахслар билан ўзаро ҳамкорликнинг этика асосларини белгилашга хизмат қилади. Махфий маълумотларни ҳимоя қилиш, ҳисоботларни юритиш, коррупцияга қарши курашиш, ўзаро манфаатлар ўртасидаги зиддиятларнинг олдини олиш, шунингдек мазкур кодекс талабларига риоя қилмаганлик учун жавобгарлик масалаларини ёритиб беради.
Мазкур "Бизнес юритиш этикаси кодекси" эътиборингизга хавола этилар экан, ҳалол, оқилона ва шаффоф бизнес юритиш, корхонанинг ўз ходимлари ва ташқи шериклари билан тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли ўзаро ҳамкорликни ўрнатишда Сизга яқин ёрдамчи бўлиб хизмат қилади, деган умиддамиз.
Бизнес юритиш этикаси кодекси юклаб олиш
Ўз ССП Матбуот хизмати
07.08.2018
17:06