“Yoshlar - kelajagimiz” Давлат дастури ижрода
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 2018 йил 1 июлдан бошлаб, республиканинг барча туман (шаҳар)ларида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури амалга оширилиши, давлат дастури доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида “Yoshlar - kelajagimiz” жамғармаси, шунингдек, унинг туман ва шаҳар филиаллари ташкил этилиши белгилаб берилганди.
Фармонда юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида тузилган Республика ва ҳудудий ишчи гуруҳлари томонидан уйма-уй юрилиб, ёшларнинг муаммолари, таклифлари ўрганилмоқда. Ҳисоботларга кўра республика бўйича 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар 9 922,2 минг нафарни ташкил қилади.
Қоракалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шахар ва вилоятлар хокимликлари, прокуратура, ички ишлар, солик, иқтисодиёт, молия, меҳнат, қурилиш бошқармалари, Ёшлар иттифоқи ва ўзини ўзи бошкариш органлари, Савдо-саноат палатаси, тижорат банклари ҳамда бошқа идоралар рахбарлари ва ходимларидан иборат таркибда 214 та штаб ва туман-шаҳар комиссиялари, 8 993 та маҳалла кесимида 5 108 та идоралараро ишчи гуруҳлари ташкил этилган.
Бугунги кунга қадар Давлат дастури ижроси доирасидаги ташкилий тадбирлар давомида:
- Жорий йилнинг 18 июль куни “Yoshlar – kelajagimiz” Жамғармаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди ва 20 июль куни Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкида ҳисоб рақами очилди;
- “Yoshlar mehnat guzari”ни ташкил этиш мақсадида республика бўйича 1 789 та бўш турган бино ва ер участкаларининг аниқ манзилли рўйхати шакллантирилди;
- ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш мақсадида 115 та туманда “Yosh tadbirkorlar” коворкинг марказлари учун ер майдонлари ажратилди, ҳозирда уларнинг 2 таси ишга туширилди;
- ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан молиялаштирувчи тижорат банклари билан биргаликда намунавий бизнес-режалар ишлаб чиқилди;
- Давлат дастурини амалга ошириш бўйича бир қатор Низомлар ва тартиблар лойиҳалари ишлаб чиқилди.
“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури борасидаги ишлар жадал суратларда давом эттирилмоқда.
Ўз ССП Матбуот хизмати
08.08.2018
15:52