Жорий йилнинг 8 август куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Ҳиндистон ва Ўзбекистон тадбиркорлик субъектлари билан "видеоконференция" форматида учрашув бўлиб ўтди
Ҳиндистон Ўзбекистоннинг Жануб Осиёдаги асосий савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Икки мамлакат ўртасида бир қатор масалалар юзасидан барқарор, дўстона ва кўп томонлама муносабатлар
йўлга қўйилган.
2017 йилнинг якунларига кўра, товар айланмаси ҳажми 323,6 млн. АҚШ долларини ташкил қилган. Шундан экспорт ҳажми - 32,5 млн. доллар, импорт эса - 291,1 млн. долларга тенг.
Ўзбекистон Республикаси ҳамда Ҳиндистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида, жорий йилнинг 8 август куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Ҳиндистон Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси билан ҳамкорликда ўзбек ва ҳинд тадбиркорлари учрашуви ташкил этилди.
Тадбирда ҳозирда Ўзбекистон делегацияси таркибида Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида ташрифда бўлган Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адхам Икрамов видеоконференция орқали қатнашди, шунингдек Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулотда ва Мухтор Элчиси Винод Кумар ҳам иштирок этди.
Учрашувда икки давлат тадбиркорлик субъектлари фаолияти давомида тўқнаш келаётган муаммоли масалалар муҳокама қилиниб, тадбиркорларнинг Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни жадал ривожлантириш бўйича таклифлар ва тафсиялар тингланди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси иштирокчиларга жорий йилнинг 6-7 август кунлари Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган Ҳиндистоннинг вазирлик, ташкилотлар ва йирик корхоналари билан учрашув ва музокаралар якунлари бўйича ахборот берди.
Хусусан, 6 август куни Деҳли шаҳрида Ҳиндистондаги Ўзбекистон Республикасининг элчихонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда 150 дан ортиқ Ҳиндистон корхоналари иштирокида 3 та бизнес-форум бўлиб ўтди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг Ҳиндистон саноат конфедерацияси, Ҳиндистон савдо-саноат палаталари федерацияси, Ҳиндистон кичик ва ўрта бизнес Ассоциацияси ва тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Юқорида қайд этилган учрашувлар доирасида томонлар жорий йилнинг 16-18 август кунлари Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва унинг доирасида ташкил қилинувчи Ўзбек-Ҳинд бизнес форуми масалаларини муҳокама қилдилар.
Ҳиндистон Республикасининг Фавқулотда ва Мухтор Элчиси Винод Кумар ўтказилинаётган тадбирлар икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатишини қайд этиб ўтди.
Шунингдек, ўзбек-ҳинд муносабатларининг ҳозирги ҳолати тўғрисида қисқача маълумот бериб, ҳиндистонлик тадбиркорларни ўзбек компаниялари билан муносабатларни ривожлантиришга чарқирди.
Видеоконференцияда икки мамлакат ишбилармон доираларининг савдо-сотиқ, фармацевтика, тўқимачилик, тиббиёт, туризм, логистика каби соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича таклиф ва тафсиялари тингланди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ҳар бир таклиф ҳинд ҳамкор ташкилотларини жалб этган ҳолда қўшимча равишда ўрганиб чиқилиб, уларнинг ечими бўйича маълумотлар Кўшма савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияга кўриб чиқиш учун юборилиши таъкидланди.
Бугунги кунда, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Ҳиндистон саноат конфедерацияси, Ҳиндистон савдо-саноат палаталари федерацияси, Ҳиндистон экспорт ташкилотлари федерацияси, Умумҳиндистон саноат ассоциацияси, Ҳиндистон тадбиркорликни ривожлантириш институти ва Ҳиндистон кичик бизнес миллий корпорацияси билан яқин ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилган.
Шу билан бирга, Ҳиндистон тадбиркорликни ривожлантириш институти билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ва республика ҳудудларида “Тадбиркорликни ривожлантириш ўзбек-ҳинд марказларини” ташкил этиш устида иш олиб борилмоқда.
2018 йилда Ўзбекистон савдо-саноат палатаси томонидан икки давлат йирик корхоналари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида Ҳиндистон саноат конфедерацияси билан, кичик ва ўрта бизнес ҳамкорлигини мустаҳкамлаш мақсадида эса Ҳиндистон савдо-саноат палаталари федерацияси билан Ўзбек-Ҳинд ишбилармонлар кенгашларини таъсис этиш режалаштирилган.
Ўз навбатида ушбу кенгашлар келажакда ўзбек ва ҳинд корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фикр ва таклифлар алмашиш учун муҳим майдонга айланиши кутилмоқда.
Ўз ССП Матбуот хизмати
08.08.2018
18:11