Тожикистон Республикасининг тўқимачилик саноати корхоналари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида 2018 йил 10 август куни Тожикистон Республикасининг тўқимачилик саноати корхоналари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад икки давлат тўқимачилик саноат корхоналари ўртасида ўзаро кооперацион алоқаларни йўлга қўйиш, Ўзбекистондаги трикотаж ва тайёр кийим-кечак маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ишлаб чиқариш амалиётини ўрганиш ҳамда ўзаро тажриба алмашишдан иборатдир.
Томонлар тўқимачилик саноатида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестицион алоқаларни янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Бу борада икки давлат тўқимачилик саноати корхоналари томонидан ҳамкорликда тайёр текстиль маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда юқори қимайтга эга бўлган текстиль маҳсулотларини жаҳон бозорига етказиб бериш масалалари муҳим аҳамият касб этишга эътибор қаратилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида тўқимачилик саноатида тадбиркорлик субъектларининг ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, корхоналар ўртасида турли ярим тайёр маҳсулотларни етказиб бериш ҳамда хорижий бозорларга тайёр текстиль маҳсулотларини экспорт қилишда биргаликда ҳаракат қилиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
10.08.2018
18:28