Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида ҳуқуқий масалалар бўйича Эксперт кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди
2018 йил 10 август куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида тадбиркорлар томонидан солиқ ва божхона соҳасида содир этилаётган қонунбузарликлар сабаблари ва уларга имкон яратаётган шарт-шароитларни бартараф этиш, олдини олиш ва профилактика қилишга бағишланган Ҳуқуқий масалалар бўйича Эксперт кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш давомида мамлакатимиз Президентининг Олий Мажлисга қилинган Мурожаатномасида берилган топшириқларни бажариш борасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан бизнес хамжамияти ўртасида қонунбузарликлар олдини олиш, уларни кенг муҳокама қилиш ва таъсир чоралари кўриш йўлида изчил ишлар олиб борилаётганлиги эътироф этилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов раислигида ўтказилган йиғилишда мутасадди вазирлик, муассасалар мутаҳассислари, бизнес ҳамжамияти вакиллари билан ҳамкорликда жорий йилнинг 1-ярим йиллигида тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ва божхона соҳаларида содир этилган қонунбузарликларнинг сабаблари ва имкон яратган шарт-шароитлар атрофлича таҳлил қилинди ҳамда уларни бартараф этиш ва профилактика қилиш бўйича зарур тавсиялар ишлаб чиқилди.
Бош прокуратура, ДСҚ ва ДБҚ томонидан тақдим этилган маълумотларга мувофиқ, кўрсатилган муддат мобайнида 768 та божхона ва 21773 та солиқ қонунчилигини бузиш ҳолатлари аниқланган.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига жиноий, маъмурий ва фуқаролик қонунчилигида белгиланган жавобгарлик чоралари, сўнгги вақтда ушбу соҳада бўлган ўзгаришлар моҳияти тушунтирилди, аниқ мисолларда тадбиркорлик фаолиятида йўл қўйилган хатолар ҳамда тадбиркорлик соҳасида профилактика ишлари муҳимлиги алоҳида таъкидланиб ўтилди.
Ўз ССП Матбуот хизмати
10.08.2018
22:39