Тошкентда Ўзбекистон-Миср бизнес-форуми бўлиб ўтади
2018-йил 5-сентабр куни Миср Араб Республикаси Президенти Абдул-Фаттаҳ Саид Ҳусейн Ҳалил Ас-Сисининг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи доирасида Тошкентда Ўзбекистон-Миср бизнес-форуми ва Б2Б форматида кооперацион биржа ташкил этилади.
Тадбирларда икки давлат ишбилармонлар ва бизнес доиралари вакиллари иштирок этадилар. Бизнес форум ва кооперацион биржа якунларига кўра туризм, фармацевтика, электротехника ва бошқа соҳаларга оид ўзаро манфаатли инвестицион ва савдо келишувларини имзолаш режалаштирилган. Шунингдек, бизнес форум доирасида Ўзбекистонда мева-сабзавот ва логистика хабини ташкил этиш масалалари муҳокама этилади.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси ва Миср Араб Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар 1992-йил 23-январ куни ўрнатилган.
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида (Каир, 1992-йил 16-декабр), иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик тўғрисида (Каир, 1992-йил 16-декабр), икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш ва даромад солиғини тўлашдан бўйин товлашнинг олдини олиш тўғрисида (Каир, 1992-йил 21-сентабр) ҳамда савдо тўғрисидаги (Тошкент, 2001-йил 19-июн) ҳукуматлараро келишувлар икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади.
Ўз ССП Матбуот хизмати
05.09.2018
10:18