Самарқанд вилоятида тадбиркорлар учун семинар ўтказилди.
2018 йил 3 октябрь куни Самарқанд вилоятида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Прокуратура, солиқ, божхона ва ҳудидий бошқармалар ҳамда Бандлик ва мехнат муносабатлари инспекцияси ходимлари билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектлари учун улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масаласига бағишланган очиқ семинар ўтказилди.
Семинар мобайнида жорий йилнинг 9 ойида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари, улар содир этилиши сабаблари ва имкон яратаётган шарт-шароитлар танқидий муҳокама қилинди. Шу билан бир қаторда семинар давомида тадбиркорлар томонидан содир этилаётган жиноятлар учун белгиланган жавобгарлик, коррупция моҳияти ва унга қарши курашиш масаласи бўйича атрофлича тушунтириш берилди.
Хусусан, Палатанинг бошқарма бошлиғи Б.Ибадуллаев ўз нутқида тадбиркорлар томонидан содир этилаётган қонунбузарликларга асосан мазкур соҳани тартибга солувчи қонунчилик талаблари ва қонунларга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалардан тадбиркорларнинг етарли даражада хабардор эмаслиги, солиқ ва божхона органларининг айрим ходимлари ўз вазифаларини бажаришда масъулиятсизлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларига йўл қўяётганлиги оқибатида тадбиркорларнинг қонуний манфаатларига путур етказилишига шарт-шароит яратилаётганлиги, шу билан бирга тадбиркорлар ўртасида қонун талабларини яхши билган саводли, лекин уларни очиқдан-очиқ тан олмайдиган, инкор этадиган тадбиркорлар ҳам учраб туришлиги, лекин содир этилган қилмиш учун жавобгарлик муқаррар эканлиги ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, тадбир давомида тадбиркорлик субъектларига жиноий, маъмурий ва фуқаролик қонунчилигида белгиланган жавобгарлик чоралари, сўнгги вақтда ушбу соҳада бўлган ўзгаришлар моҳияти тушунтирилди, аниқ мисолларда тадбиркорлик фаолиятида йўл қўйилган хатолар ҳамда тадбиркорлик соҳасида профилактика ишлари муҳимлиги алоҳида таъкидланиб ўтилди ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий онги ва бизнес юритиш маданиятини юксалтириш ва ижтимоий масъулиятини ошириш хусусида кенг фикр алмашилди.
Ўз ССП Ахборот ҳизмати t.me/uzchamber
04.10.2018
12:26