Жиззах вилоятида “Ташаббус-2018” кўрик танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида анъанавий тарзда ҳар йили ўтказилиб келинаётган “Ташаббус-2018” кўрик танловининг Жиззах вилояти босқичи “Ю.Ражабий” номли вилоят мусиқали драма театри биносида бўлиб ўтди.
Кўрик-танловда иштирок этган тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар 5 та асосий йўналишлар бўйича баҳоланди.
Тадбирни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ж.Ураков очиб берди. Ўз нутқида “Ташаббус-2018” кўрик-танловининг юртимизда фаолият юритаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг фаолиятини янада кенгайтиришда алоҳида аҳамиятга эгалигини айтди. Шунингдек, “Ташаббус 2018” кўрик танлови бу йил ўтган йилдаги танловларга нисбатан янгича форматда ўтказилаётгани, номинациялар яна 2 тага ортганини таъкидлади.
Кўрик-танлов доирасида 42 нафар иштирокчи томонидан тўқимачилик ва тикувчилик, қурилиш саноати, хомашёни қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги, маҳаллийлаштириш дастурига кирган маҳсулотлар, миллий ҳунармандлик буюмлари намойиш этилди.
Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятига хизмат кўрсатувчи, жумладан, суғурта компаниялари ва тижорат банклари ҳам ўз стендлари билан иштирок этишди ҳамда хизмат турлари ҳақида ташриф буюрганларга маълумот беришди.
Кўрик-танлов якунларига кўра, якка тартибдаги тадбиркор Нарзуллаева Барно “Йилнинг энг яхши хунарманди”, “MIRZA MAXMUD” фермер хўжалиги – “Йилнинг энг яхши фермери” деб топилди.
“MEGA INVEST INDUSTRIAL” маъсулияти чекланган жамияти саноат соҳасидаги “Йилнинг энг яхши тадбиркори” номинациясида ғолибликни қўлга киритган бўлса, “AZIM ZOMIN SHIFO” маъсулияти чекланган жамияти хизмат кўрсатиш соҳасидаги “Йилнинг энг яхши тадбиркори” деб эътироф этилди.
Ёшлар тадбиркорлигига давлатимиз томонидан берилаётган эътибор ҳисобга олиниб, “Ташаббус-2018” кўрик-танлови номинациялари қаторига янги “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” номинацияси киритилган эди. Мазкур номинацияда “LUXURY FURNITURE BUSSINESS” маъсулияти чекланган жамияти кўрик-танловнинг Жиззах вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари тақдим этилди. Вилоят босқичида биринчиликни қўлга киритган ғолибларга республика босқичига йўллама берилди.
Ўз ССП Ахборот ҳизмати t.me/uzchamber
11.10.2018
12:27