“Ташаббус-2018” кўрик танловининг Сирдарё вилояти босқичи бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида анъанавий тарзда ҳар йили ўтказилиб келинаётган “Ташаббус-2018” кўрик танловининг Сирдарё вилояти босқичи “Т.Сулаймон" номли вилоят анфитеатри биносида бўлиб ўтди.
Кўрик-танловда иштирок этган тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар 5 та асосий йўналишлар бўйича баҳоланди.
Тадбирни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов очиб берди. Ўз нутқида, бу йилги “Ташаббус-2018” кўрик-танлови ҳар йилгидан бутунлай ўзгача форматда ўтказилаётганлигини ҳамда бу йил номинациялар қаторига яна 2 та номинациялар киритилганлигини таъкидлаб ўтди. Мазкур кўрик танлов юртимизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада кенгайтириш имконини беради, дея эътироф этди.
Кўрик-танлов доирасида иштирокчилар томонидан тўқимачилик ва тикувчилик, қурилиш саноати, хомашёни қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги, маҳаллийлаштириш дастурига кирган маҳсулотлар, миллий ҳунармандлик буюмлари намойиш этилди.
Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятига хизмат кўрсатувчи, жумладан, суғурта компаниялари ва тижорат банклари ҳам ўз стендлари билан иштирок этишди ҳамда хизмат турлари ҳақида ташриф буюрганларга маълумот беришди.
Кўрик-танлов якунларига кўра, якка тартибдаги тадбиркор Маматқулов Темур “Йилнинг энг яхши хунарманди”, “Орол неъматлари” фермер хўжалиги фермери Бегматов Баходир – “Йилнинг энг яхши фермери” деб топилди.
“Нилуфар гул таровати” маъсулияти чекланган жамияти саноат соҳасидаги “Йилнинг энг яхши тадбиркори” Тожибоев Дилшод номинациясида ғолибликни қўлга киритган бўлса, “Ширинтой Кичкинтой Сабина” нотаълим муассасаси раҳбари Усмонова Барчиной хизмат кўрсатиш соҳасидаги “Йилнинг энг яхши тадбиркори” деб эътироф этилди.
Ёшлар тадбиркорлигига давлатимиз томонидан берилаётган эътибор ҳисобга олиниб, “Ташаббус-2018” кўрик-танлови номинациялари қаторига янги “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” номинацияси киритилган эди. Мазкур номинацияда “Фибина Тех” маъсулияти чекланган жамияти раҳбари Бегимқулова Дилдора кўрик-танловнинг Сирдарё вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари тақдим этилди. Вилоят босқичида биринчиликни қўлга киритган ғолибларга республика босқичига йўллама берилди.
Ўз ССП Ахборот ҳизмати t.me/uzchamber
11.10.2018
20:41