Масала 30 дақиқа ичида ҳал бўлади
Термизда Ўзбекистон Республикаси Адлия, Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазирликлари, Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ўқув-амалий семинари ўтказилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат қилувчи ва суд органлари ходимлари, тадбиркорлар иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётир.
Сурхондарё вилоятида 10 минг 750 дан ортиқ кичик бизнес субъекти фаолият юритмоқда. 2015 йилнинг 9 ойида мазкур сектор томонидан 391,9 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. 40 га яқин янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. Бунинг учун тижорат банклари томонидан 448,8 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилган.
Семинарда юқоридаги фармон ва қарорнинг мазмун-моҳияти, тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-таомиллари, ушбу ҳужжатлар ижроси доирасида ташкил этилган “Ягона дарча” марказларининг фаолияти хусусида атрофлича сўз юритилди.
– Туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилган “Ягона дарча” марказлари 2016 йилнинг 1 январидан тадбиркорлик субъектларига ўн олти турдаги давлат хизматларини кўрсатади, – дейди Музработ тумани ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона дарча” маркази раҳбари Самандар Даминов. – Бунинг учун марказларда зарур шароитлар яратилиб, улар малакали мутахассислар билан таъминланди. Давлат органлари билан интерактив алоқа қилиш тизими яратилди. Эндиликда хизматимиздан фойдаланиш учун келган тадбиркорлар ўз аризасини 30 дақиқа ичида топшириш имконига эга бўлади.
Семинарда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Манба: uza.uz
29.12.2015
05:29