Кичик бизнес – тараққиёт ва фаровонлик омили
2015 йил 27 октябрда Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан эълон қилинган «Бизнесни юритиш 2016: тартибга солиш сифати ва самарадорлигини баҳолаш» ҳисоботида қулай ишбилармонлик муҳити параметрлари бўйича Ўзбекистон дунёнинг 189 мамлакати орасида 87-ўринни эгаллади.
Жорий йилда мамлакатимиз мазкур рўйхатда ўз рейтингини яхшилаш бўйича энг яхши кўрсаткичга эришган беш давлат қаторидан жой олгани Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида хусусий мулк ва кичик бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрни ва ролини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар бераётган юксак самаралардан далолатдир.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигида ташкил этилган матбуот анжуманида булар алоҳида қайд этилди.
Иқтисодиётни модернизациялаш ва диверсификациялаш жараёнларида хусусий секторни жадал ривожлантириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ривожланишнинг «ўзбек модели» асосларидан биридир. 2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастури ислоҳотларнинг янги даврини бошлаб берди.
Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурида бу борадаги вазифалар аниқ белгилаб берилган. Жумладан, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш, уларни ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш тартибини янада соддалаштириш, маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш ҳисобидан тадбиркорликка янада кенг эркинлик беришга алоҳида эътибор қаратилган.
Дастурни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Товар-хомашё биржасининг махсус ахборот портали воситасида ўтказиладиган электрон савдолар орқали тадбиркорлик субъектларидан бирламчи эҳтиёждаги товар ва хизматлар бўйича давлат харидларини амалга оширишда соддалаштирилган тартиб жорий қилинди, экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган ҳужжатларнинг аниқ рўйхати тасдиқланиб, унда назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланди, юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритадиган якка тартибдаги тадбиркорларга фаолиятнинг амалга ошириладиган турига боғлиқ ҳолда уч нафаргача ишчи ёллаш ҳуқуқи берилди.
Президентимизнинг 2015 йил 28 сентябрдаги «Тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб 16 турдаги давлат хизматлари туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари негизида ташкил қилинадиган тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатиш марказлари орқали амалга оширилади.
2015 йилнинг 1 июлидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг бизнес тузилмалари фаолиятига асоссиз аралашиш, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ мурожаатларни узлуксиз қабул қилиш тизими жорий этилди.
2015 йил 20 августдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни тадбиркорлик фаолиятининг деярли барча жиҳатларига дахлдор қирқдан зиёд ҳужжатга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишига ҳуқуқий асос бўлди.
Тадбирда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказилаётган сўровлар ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.
Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.
Манба: uza.uz
30.12.2015
04:42