Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилаётган “Ташаббус” кўрик-танловининг Хоразм вилояти босқичи якунланди.
Танловнинг шаҳар ва туман босқичларида 700 дан зиёд тадбиркор, фермер ва ҳунарманд қатнашиб, улардан 60 нафари ғолиб сифатида вилоят босқичида иштирок этди. «Огахий» номидаги Хоразм вилояти мусиқали драма театрида ўтказилган тадбир доирасида ташкил этилган кўргазма ҳам ҳудудда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури кўпайиб, сифати яхшиланаётганини намойиш этди.
Иштирокчлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазма-ярмаркасининг тантанали очилиш маросимини Хоразм вилояти хоким ўринбосари Санъат Салаев очиб берди.
Ўз нутқида иштирокчиларга омад тилаган холда, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Хоразм вилояти худудий бошқармаси бошлиғи лавозимига Мурод Ваисовни тайинланганлигини маълум қилди.
Тадбир иштирокчиларини қутлаш учун Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ўткир Бутаев сўзга чиқди. "23 йилдирки Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказиб келинаётган “Ташаббус-2018” кўрик-танлови бу йил янги форматда ўтказилмоқда. Танлов асосий номинациялар қаторига яна 2 та янги номинация “Саноат соҳасидаги йилнинг энг яхши тадбиркори” ва “Хизмат кўрсатиш соҳасидаги йилинг энг яхши тадбиркори” номинациялари киритилди. Бу ўз навбатида, тадбиркорларнинг кенг қатламини қамраб олишга ҳамда уларни муносиб рағбатлантиришга имкон беради, - деди Ўткир Бутаев.
Тадбирда вилоятда ислоҳотлар натижасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилаётгани, фермерлар фақат деҳқончилик билан эмас, балки ўзлари етиштираётган маҳсулотларни қайта ишлаётгани, миллий ҳунармандчилик йилдан-йилга ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Ҳакамлар ҳайъати тадбиркорларнинг фаолиятини баҳолашда ишлаб чиқариш кўрсаткичи, маҳсулот сифати, рақобатбардошлиги ва экспортга мослигига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Тадбирда хорижлик сайёхлар хам иштирок этиб ўзларининг илиқ таъсуротлари билан ўртоқлашдилар. Бу мамлакатда олиб борилаётган кенг ислохотларни ижобий бахолаб, Ўзбекистон жаннатмакон ўлка эканлигини таъкидладилар ва иштирокчиларга ғалаба ёр бўлишини тиладилар.
Саноат соҳасида "Хоразм антиқор инвест" ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Жоббиев Расулбек, хизмат кўрсатиш йўналишида "Мilliy botlers" хусусий корхонаси раҳбари Оллаберганов Илхом “Йилнинг энг яхши тадбиркори”, "Вали Бахт Хўжа" хусусий корхонаси раҳбари Қодиров Музаффар “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори”, ЯТТ Боғибеков Ойбек “Йилнинг энг яхши ҳунарманди”, "Йўлдош мажид" фермер хужалиги раҳбари Исканадаров Йўлдош“ Йилнинг энг яхши фермери”, деб топилди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.
Танлов якунида “Ёшларга энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор”, “Энг яхши тадбиркор аёл”, “Энг яхши инновацион лойиҳа”, “Энг яхши экспортчи”, “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби”, “Йилнинг энг яхши маҳсулоти” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
15.10.2018
16:59