Туризм соҳасида бўлиб ўтадиган биринчи Халқаро инвестицион форумга таклиф этамиз!
Жаҳонда туризмга давлатни ривожлантиришнинг муҳим ижтимоий-иқтисодий соҳаси сифатида қаралиб, бу соҳа унга боғлиқ барча инфратузилма соҳаларига ўз ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Туризм юқори даражада ривожланган транспорт, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳаларни қамраб олиб, у иқтисодиётнинг юқори даромадли соҳасига айлангандир.
Маълумки, Ўзбекистон бой маданий-тарихий мерос ва табиий бойликларга эга бўлиб, юртимизда туризмни янада ривожлантириш учун фойдаланилмаган улкан салоҳият ва имкониятлар мавжуд.
Туризмни ривожлантириш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, ушбу соҳага тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш, салоҳиятли инвесторлар ва туристлар ўртасида юртимизнинг туристик салоҳиятини намоён этиш мақсадида 2018 йил 19-21 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида туризм соҳасида биринчи Халқаро инвестицион форум бўлиб ўтади.
Туризм соҳасида биринчи Халқаро инвестицион форумнинг ташкилотчилари Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва чет элдаги элчихоналар, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасидир.
Форумда халқаро молия институтлари вакиллари, Европа ва Осиё мамлакатлари инвесторлари, халқаро сайёҳлик ташкилотлари, етакчи сайёҳлик компаниялари, соҳа мутахассислари, шунингдек, республикамизнинг сайёҳлик компаниялари раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.
Тадбирда меҳмонхоналар ва ресторанлар, музейлар, суғурта компаниялари, транспорт ва логистика, маданий–кўнгил очар масканлари ўз хизматларини кўрсатадилар.
Форум қуйидагиларни ўз ичига қамраб олади:
- форум иштирокчиларига мамлакатнинг сайёҳлик салоҳияти, ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан хўжалик юритувчи субъектлар учун тақдим этиладиган имтиёзлар ҳақида маълумот берилади;
- форум иштирокчиларига сайёҳлик соҳасидаги инвестицион лойиҳалар билан
таништириш, шу жумладан, «Чорвоқ» эркин туристик зонаси, «Samarkand city» ва «Қадимий Бухоро» туристик зоналари, шунингдек, Сурхондарё вилоятида кичик сайёҳлик ҳудудлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш;
- инвестицияларни жалб қилиш учун потенциал бўлган туризм инфратузилмаси объектларини яратиш бўйича лойиҳалар билан танишиш учун форум иштирокчилари республикамиз вилоятларига ташриф буюришлари режалаштирилган;
- республикамиздаги сайёҳлик индустриясини янада ривожлантириш, туристик фаолият субъектлари, шу жумладан хорижий инвесторлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилиш майдончасини яратиш мўлжалланган;
- форум иштирокчилари билан аниқ натижалар, шартномалар ва лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Телефон: (78)150-60-06
Ўз ССП Ахборот ҳизмати t.me/uzchamber
19.10.2018
16:49