“Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда Палатанинг роли” мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди
Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик суди томонидан Тошкент шаҳрида “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда Палатанинг роли” мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди.
Давра суҳбатида “Ҳуқуқшунослик” йўналишида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курси тингловчилари иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик судининг раиси Фозилжон Отахонов “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги янги таҳрирда қабул қилинган Қонун билан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш; тадбиркорлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини такомиллаштиришга оид таклифларни ишлаб чиқиш, тадбиркорлик субъектларининг ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, ушбу соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик экспертизасини ташкил этиш ва уларнинг амалга оширилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш жараёнларига жалб этиш каби Палатанинг вазифалари белгиланганлигига давра суҳбати иштирокчилари эътиборини қаратди.
Шунингдек давра суҳбатида мазкур Қонунга мувофиқ Ҳакамлик судлари илк бор Палата тизимига киритилганлиги, иқтисодий низоларни ҳал қилиш учун Палатага Ҳакамлик судларини ташкил этиш ҳуқуқи берилганлиги, Ҳакамлик судлари Палата ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида фаолият кўрсатиши алоҳида моддада белгиланганлиги қайд қилинди.
Давра суҳбати иштирокчилари Олий таълим муассасаларида “Ҳуқуқшунослик” фанидан дарс бериш жараёнида “Тадбиркорлик ҳуқуқи”га махсус вақт ажратиш ва унда тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш, тадбиркорлик шартномалари, тадбиркорлик субъектлари банкротлиги, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини ёритиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Семинар кун тартибидаги масалалар савол-жавоблар асосида ҳар томонланма муҳокама қилинди. Жумладан, Савдо-саноат палатасининг серқирра фаолияти, ҳакамлик муҳокамаси афзалликлари, Ҳакамлик судларига мурожаат қилиш тартиби, унинг ҳал қилув қарорларини ихтиёрий ва мажбурий ижро қилиш масалалари, шунингдек “Ҳуқуқшунослик” фани бўйича халқаро талабларга мос келадиган ўқув қўлланмаси тайёрлаш зарурияти каби масалалар давра суҳбати иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Ўз ССП Ахборот ҳизмати t.me/uzchamber
22.10.2018
16:32