Якка тартибдаги тадбиркорларни солиққа тортиш
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4086-сонли “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020–2021 йилларга бюджет мўлжаллари” қарорига асосан 2019 йил 1 январдан қуйидаги тартиб ўрнатилади, унга кўра:
календарь йилида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми 100 миллион сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинади;
календарь йилида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ягона солиқ тўловини 4 фоиз ставкада тўлашга ўтказилади;
календарь йилида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми бир миллиард сўмдан ошган якка тартибдаги тадбиркорлар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни юридик шахслар учун назарда тутилган тартибда тўлайди.
Шуни айтиш жоизки, якка тартибдаги тадбиркорлар учун товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумни ҳисоблаш 2019 йилнинг календарь йилидан бошланади.
Хозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар учун товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумни ҳисоблаш ва солиқлар тўлаш тартиби ишлаб чиқилмоқда. Ишлаб чиқилган тартиб тасдиқлангандан сўнг солиқ тўловчиларга қўшимча маълумот тариқасида етказилади.
05.01.2019
16:45