Тадбиркор ўзига тегишли бўлган бино хокимият томонидан бузиб ташланганлиги боис, компенсация ундира оладими?
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркор манфаатида туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилди, рад этилгач вилоят иқтисодий судига аппеляция шикояти киритилди, у хам рад этилди. Хўш, тадбиркор муаммоси хал этилишига эришилдими?
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида фаолият юритувчи “MARVARID ZARINA” кўп тармоқли хусусий фирмаси раҳбари А.Хўжамқулов мурожаати келиб тушди. Мазкур тадбиркор ўз мурожаатида Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳар ҳокимининг 05.10.2015 йилдаги 1090-сонли қарори асосида Термиз шаҳар, Ҳаким-ат-Термизий кўчасида жойлашган “Марварид Зарина” ХФга қонуний асосларда тегишли бўлган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биноси 2017 йилнинг март ойида бузилиб, ушбу бинони бузишда Термиз шаҳар ҳокими томонидан Ўзбекситон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.05.2006 йилдаги 97-сонли Қарори билан тасдиқланган Низом талабларига тўлиқ риоя этилмаганлигидан норозилигини билдирган ва Термиз шаҳар хокимлигидан компенсация ундирилишида амалий ёрдам берилишини сўраган.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан “MARVARID ZARINA” хусусий фирмаси манфаатида Сурхондарё вилояти Шеробод туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилди.
Ушбу даъво ариза Сурхондарё вилояти Шеробод туманлараро иқтисодий суди томонидан рад этилганлиги сабабли, Палата томонидан ушбу ҳал қилув қарорига нисбатан Сурхондарё вилояти иқтисодий судига аппеляция шикояти киритилди.
Бироқ, Сурхондарё вилояти иқтисодий суди апелляция инстанцияси томонидан мазкур апелляция шикояти ҳам рад этилди.
Шундан кейин, Палата томонидан юқоридаги суд қарорларига нисбатан назорат шикояти келтириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига илтимоснома юборилди ва ушбу илтимоснома асосида назорат шикояти келтирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ушбу назорат шикоятини кўриб чиқиб, юқоридаги суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгиттан кўриб чиқиш учун биринчи инстанция судига юборди.
Сурхондарё вилояти Денов туманлараро иқтисодий суди томонидан Палатанинг тадбиркор манфаатида киритган даъво талаби қаноатлантирилиб, Термиз шаҳар хокимлиги хисобидан “MARVARID ZARINA” хусусий фирмаси фойдасига 534 615 551 сўм компенсация пули ундирилиб берилди.
ЎзССП Ахборот хизмати
25.01.2019
17:48