Балиқчилик соҳасида ҳамкорлик.
Президентимизнинг 2018 йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тармоққа инновацион ғоя ва технологияларни, чет эл инвестицияларини жалб қилиш имкониятини кенгайтирди.
Аҳолининг парҳез маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондириш, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари яратилишида муҳим аҳамият касб этаётган мазкур ҳужжатда балиқчилик хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида 2019-2021 йилларда балиқчилик кластерлари ташкил этишнинг манзилли дастурини ишлаб чиқиш белгиланган.
Наманган вилоятида Эрон Ислом Республикасининг “Чупон агро индустриал” компанияси раҳбари Шафи Ғулом Резо иштирокида ўтказилган тадбирда шулар ҳақида сўз борди.
Учрашувда вилоятда балиқчилик соҳасини ривожлантириш борасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, биргаликда амалга ошириладиган қўшма лойиҳалар ва уларнинг самаралари муҳокама қилинди. Жумладан, вилоятдаги табиий ва сунъий сув ҳавзаларининг мелиоратив ҳолатини ўрганиш, балиқларни экологик шароитларга мослаштириш, форель балиқлари ва чавоқларини етиштириш, қайта ишлаш ва сақлаш, аҳолига балиқдан тайёрланган парҳез таомларни тортиқ қилиш мақсадида мини-ресторанлар ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров, Ўзбекистон Республикасининг Эрон Ислом Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Б.Абдуллаев сўзга чиқди.
12.02.2019
10:23