Савдо-саноат палатаси яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини экспертизадан ўтказди.
Савдо-саноат палатаси қонунчиликда белгиланган ваколатларини амалга ошира бориб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш юзасидан жамоатчилик экспертизалари ўтказиб келмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг январь ойи давомида 59 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Экспертлар кенгашлари томонидан кўриб чиқилиб, тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсирини инобатга олган ҳолда, 20 дан ортиқ лойиҳаларга эътирозларни ўз ичига олган хулосалар берилди.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг “Кўнгилочар савдо объектларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳа орқали “Кўнгилочар савдо объектларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари тўғрисида”ги Низомни тасдиқлаш ва бу орқали, барча кўнгилочар савдо объектларига қўйиладиган хавфсизлик талабларини белгилаш назарда тутилган.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сонли Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 40-бандига кўра, “ресторан, кафе ва бошқа кўнгилочар объектларда ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш талабларини ўрнатган ҳолда уларнинг тунги пайтда ишлаш тартибини белгилаш” назарда тутилган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа иловасини қуйидагича номлаш мақсадга мувофиқ:
“Ресторан, кафе ва бошқа кўнгилочар объектларда тунги пайтда ишлаш тартибини белгилаш тартиби тўғрисида”ги Низом.
Шундан келиб чиқиб, мазкур Низомда хавфсизлик масалалари билан биргаликда кўнгилочар объектларнинг тунги вақтда ишлаш тартибини белгиловчи бандлар киритилиши зарур.
Бундан ташқари, Низом фақат кўнгилочар объектлар фаолиятига тааллуқли бўлиши шартлигини эътиборга олиб, Низомда кўнгилочар объектларнинг аниқ тушунчасини бериш лозим бўлади.
2. Лойиҳа иловасининг 4-банди 4-5-хатбошиларига кўра, кўнгилочар савдо объектларининг маъмурияти ва ходимлари “жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик изларини, ҳодиса ҳолатларини сақлаб қолиш учун зарур чораларни кўришлари;
объектда пайдо бўлган жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки қидирилаётган шахслар тўғрисида дарҳол ички ишлар органига хабар беришлари шарт”, - деб белгиланган.
Бу орқали, кўнгилочар савдо объектларининг маъмурияти ва ходимларига қўшимча мажбуриятлар юклаш назарда тутилган.
Аммо, ушбу шахслар бундай вазифаларни бажариш учун тўлиқ имкониятга эга бўлмаслиги мумкин. Хусусан, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик изларини, ҳодиса ҳолатларини сақлаб қолиш улар ихтиёрига боғлиқ бўлмаслиги ёки улар жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки қидирилаётган шахслар тўғрисидаги маълумотларга эга бўлмаслиги мумкин.
Мазкур норма амалиётда турлича талқин қилиниши оқибатида эса, турли тушунмовчилик, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ортиқча сарсонгарчиликларни келтириб чиқариши мумкин.
Шу боис, лойиҳа иловасининг 4-бандидан 4-5-хатбошиларни чиқариб ташлаш тавсия этилади.
3. Лойиҳа иловасининг 7-бандига кўра, “Кўнгилочар савдо объектларида қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш ва хавф-хатар сигнализациялари комплексини лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ишлари ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш ва хавф-хатар сигнализацияларини, ёнғиндан дарак берувчи ва ёнғиндан сақловчи сигнализацияларни лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган ихтисослаштирилган ташкилот томонидан амалга оширилади ”, - деб белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майдаги 222-II-сонли қарори билан тасдиқланган “Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг Рўйхати”га “Ёнғинга қарши автоматика воситаларини, қўриқлаш ва хавф-хатар сигнализацияларини, ёнғиндан дарак берувчи ва ёнғиндан сақловчи сигнализацияларни лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш” фаолияти ҳам киритилган бўлиб, ушбу фаолият билан тегишли лицензиясиз шуғулланиш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликни келтириб чиқаради.
Мазкур лойиҳа иловасида амалдаги қонунчиликда мавжуд бўлган нормаларни қайта такрорлаш зарурияти мавжуд эмаслигини инобатга олган ҳолда, лойиҳа иловасининг ушбу бандини чиқариб ташлаш тавсия этилади.
4. Лойиҳа иловасининг 8-бандига кўра, “Кўнгилочар савдо объекти Ўзбекистон Миллий гвардияси ҳудудий бўлинмаларининг техник қўриқлаш пункти қўриқловига топширилиб, унинг қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш ва хавф-хатар сигнализацияси комплекси техник қўриқлаш пунктининг бошқарув ва кузатув пультига уланиши лозим”, - деб белгиланган.
Ушбу нормада аввало, кўнгилочар савдо объектини Ўзбекистон Миллий гвардияси ҳудудий бўлинмаларининг техник қўриқлаш пункти қўриқловига топшириш назарда тутилган.
Аммо, лойиҳа иловасининг 3-бандига кўра, ушбу объектларда хавфсизликни таъминлаш ва мол-мулкни қўриқлаш бўйича хизматлар шартнома асосида ички ишлар органлари ёки қўриқлаш фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар томонидан кўрсатилиши мумкинлиги белгиланган.
Бунда кўринадики, иккала норма ўртасида номувофиқлик юзага келган.
Бундан ташқари, қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш ва хавф-хатар сигнализацияси комплексини техник қўриқлаш пунктларига улаш кимнинг ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилмаган.
Бу эса, амалиётда ушбу нормани турлича талқин қилиш, тадбиркорлик субъектларига нисбатан ортиқча мажбурият ва молиявий харажатлар юклаш, шунингдек, фаолиятни амалга оширишдаги қўшимча қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин.
Шу боис, лойиҳа иловасининг 8-бандини чиқариб ташлаш тавсия этилади.
5. Лойиҳа иловасининг 9-бандига кўра, “Қўриқлаш сигнализациясининг датчиклари кўнгилочар савдо объектига рухсатсиз кириб-чиқишни (очишни, бузишни) ҳамда унда рухсатсиз бегона шахсларнинг борлигини аниқлаш мақсадида алоҳида хоналарга, эшикларга, деразаларга, вентиляция ва бошқа муҳандислик коммуникацияларига ўрнатилади”, - деб белгиланган.
Мазкур норма орқали ҳам тадбиркорлик субъектларига мажбурий кўрсатмалар бериш, қўшимча талаблар юклаш назарда тутилган.
Аммо, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун 18-моддасига кўра, “Тадбиркорлик субъекти мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишига кўра эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади”, - деб белгиланган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа иловасининг 9- ва 16-бандларини чиқариб ташлаш тавсия этилади.
6. Лойиҳа иловасининг 13-бандига кўра, “Қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш ва хавф-хатар сигнализациялари комплексининг электр таъминоти тармоғи унинг сутка давомида узлуксиз тарзда ишлашини таъминлайдиган бўлиши зарур.
Сигнализациялар комплексининг электр таъминоти тармоғи асосий электр тизими ўчирилганда уни алмаштирувчи, автоматик тарзда ишга тушадиган электр таъминоти манбасига (дизел-генератор ва бошқалар) уланган ёки камида 3 соат ишловчи аккумулятор билан таъминланган бўлиши лозим”, - деб белгиланган.
Мазкур Хулосанинг 5-бандида келтирилган тавсияларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа иловасининг 13- ва 17-бандларини чиқариб ташлаш тавсия этилади.
7. Лойиҳа иловасининг 14-бандига кўра, “Кўнгилочар савдо объектларида видеокузатув тизимини лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ихтисослаштирилган ташкилот томонидан амалга оширилади”, - деб белгиланган.
Ушбу норма орқали ортиқча ва ўринсиз талабларни белгилаш назарда тутилган. Зеро, амалдаги қонунчиликда видеокузатув тизимини лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бирор-бир рухсатнома ёки рухсат берувчи ҳужжат асосида амалга оширилиши ёхуд ушбу соҳада ихтисослашган ташкилотлар ташкил этилиши белгиланмаган.
Бундан ташқари, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасига кўра, тадбиркорлик субъектлари мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкка эгалик қилишга, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишга ҳақлидир.
Шу сабабли, лойиҳа иловасининг 14-бандини чиқариб ташлаш тавсия этилади.
8. Лойиҳа иловасининг 15-бандига кўра, “Кўнгилочар савдо объектларининг видеокузатув камералари орқали узатиладиган тасвирлар энг яқиндаги ички ишлар бўлимининг ҳамда объектнинг маъмуриятидан масъул навбатчи ходимга ажратилган хонанинг мониторларига чиқарилиши лозим”, - деб белгиланган.
Ушбу Хулоса 4-бандида келтирилган тавсияларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа иловасининг 15-бандини чиқариб ташлаш тавсия этилади.
9. Лойиҳа иловасининг 18-бандига кўра, “Сутканинг тунги вақтида фаолият кўрсатувчи кўнгилочар объектлари ва унинг атроф-ҳудудлари етарли даражада ёритилиши лозим”, - деб белгиланган.
Мазкур нормада “атроф-ҳудудлари” деганда, айнан қандай ўлчамдаги ҳудуд назарда тутилганлиги аниқ эмас.
Бу ҳам ўз навбатида, турли тушунмовчиликлар ва ортиқча талабларни келтириб чиқариши мумкин.
Юқоридаги тавсияларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа иловасининг ушбу бандини чиқариб ташлаш тавсия этилади.
Палата томонидан мазкур Хулосани берилишида тадбиркорлик субъектларига ортиқча мажбуриятлар ҳамда қўшимча молиявий харажатларни юкламаслик масалаларига алоҳида аҳамият берилди.
Ўз ССП Ахборот хизмати
13.02.2019
14:38