Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси яна бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини экспертизадан ўтказди.
Савдо-саноат палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳайвонларни сўйиш корхоналари фаолиятини тартибга солиш ҳамда истеъмол бозорига гўшт ва гўшт маҳсулотлари етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиб, у юзасидан қуйидагича Жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди:
1. Лойиҳанинг 1-бандига кўра, “Ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашёларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотишга нисбатан ветеринария-санитария қоида ва меъёрлари” 1-иловага мувофиқ, “Ихтисослашган сўйиш корхоналарига нисбатан ветеринария, ветеринария-санитария қоида ва меъёрлари” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин”, - деб белгиланган.
Бу орқали, Вазирлар Маҳкамаси Қарори билан ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашёларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотишга ҳамда ихтисослашган сўйиш корхоналарига нисбатан ветеринария, ветеринария-санитария қоида ва меъёрларини тасдиқлаш назарда тутилган.
Шунингдек, лойиҳа иловаларида амалдаги тартибни мураккаблаштирувчи, бажарилиши ҳамда бажарилишини назорат қилиш қийин бўлган, амалиётда ишламайдиган нормаларни белгилаш назарда тутилган.
Хусусан, лойиҳа 1-иловасининг 4-,6-,8-,9-,11-,83-,84- ва бошқа бандлари ҳамда лойиҳа 2-иловасининг 3-,80-,89-,113- ва бошқа бандларида тадбиркорлик субъектларига қўшимча мажбурият, ортиқча молиявий харажатлар юкловчи нормалар назарда тутилган.
Бу эса, ушбу соҳада фаолият юритишни мураккаблаштириб, истеъмол учун талаб юқори бўлган гўшт ва гўшт маҳсулотларининг қимматлашиши каби салбий ҳолатларни келтириб чиқаради.
Бундан ташқари, “Ветеринария тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасига кўра, ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш Давлат ветеринария қўмитаси томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг 2018 йил 27 июндаги 24- ва 25-сонли Қарорлари билан “Ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашёларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотишга нисбатан вақтинчалик ветеринария-санитария қоидалари” ҳамда “Ихтисослашган сўйиш корхоналарига нисбатан вақтинчалик ветеринария, ветеринария-санитария қоида ва меъёрлари” тасдиқланган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳанинг 1-2-иловаларидан юқорида келтирилган бандларини чиқариб ташлаш, шунингдек, мазкур ветеринария-санитария қоида ва меъёрларини Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқлашнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги масаласини кўриб чиқиш тавсия этилади.
2. Лойиҳанинг 3-бандига кўра, “Республика ҳудудларида ҳайвонларни сўйиш ва терига бирламчи ишлов бериш бўйича 2019-2021 йилларда ташкил этиладиган механизациялашган ихтисослашган сўйиш корхоналари (кейинги ўринларда – ихтисослашган сўйиш корхоналари) рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Бунда, аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ихтисослашган сўйиш корхоналари томонидан ҳайвонлар ва гўштни ташиш бўйича транспорт ва бошқа сервис хизматлари кўрсатишни ташкил этиш мажбурияти белгилаб қўйилсин”, - деб белгиланган.
Мазкур норма орқали қуйидагилар белгиланмоқда:
3-иловага кўра, республика ҳудудидаги ҳар бир туман ва шаҳарларда биттадан ихтисослашган сўйиш корхоналари ташкил этилишини белгилаш;
ташкил этиладиган сўйиш корхоналарига транспорт ва бошқа сервис хизматлари кўрсатишни ташкил этиш мажбуриятини юклаш.
Аввало, ташкил этилиши назарда тутилаётган ихтисослашган сўйиш корхоналари тадбиркорлик субъектлари томонидан мустақил равишда ташкил этилишини ҳамда ушбу фаолиятда соғлом рақобатни таъминлаш масалаларини инобатга олганда, уларнинг чегараланган қатъий миқдорини белгилаш тўғри бўлмайди. Яъни, бунда режали иқтисодиётга қайтиш аломатлари кўринади.
Шунингдек, бундай корхоналар томонидан ишлар ва хизматлар, шу жумладан ҳайвонлар ва гўштни ташиш бўйича транспорт ва бошқа сервис хизматлари шартнома асосида, ўзаро келишилган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Шу боис, уларга нисбатан бундай ортиқча мажбуриятларни юклаш шарт эмас.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳанинг 3-бандини чиқариб ташлаш тавсия этилади.
3. Лойиҳанинг 6-банди иккинчи хатбошига кўра, “ҳайвонларни сўйиш хизматларини йўлга қўйишда ихтисослашган ва мини сўйиш корхоналарини ташкил этиш фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади”, - деб белгиланган.
Ҳайвонларни сўйиш корхоналарини бундай икки турдаги шаклда ташкил этилишини назарда тутиш, кейинчалик амалиётда уларни турлича талқин қилиниши, тадбиркорлик субъектларининг табақаланиши ҳамда уларга нисбатан чеклов ёки имтиёзларнитурлича қўлланилиши каби салбий ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин.
Бундан ташқари, бундай корхоналарни фақат юридик шахслар томонидан ташкил этилишини белгилаш тадбиркорлик фаолиятини чеклаш, ортиқча тўсиқларни яратиш ҳисобланади. Зеро, бундай фаолият тури билан юридик шахс ташкил этмаган тадбиркорлик субъектлари ҳам шуғулланиши мумкин.
Лойиҳада бу каби чекловларни назарда тутилиши амалиётда ушбу фаолият билан яширин равишда шуғулланиш, гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархларининг кескин ошиши билан боғлиқ салбий ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин.
Шу сабабли, юқоридаги хатбошини қуйидаги таҳрирда баён этиш мақсадга мувофиқ:
“ҳайвонларни сўйиш хизматларини йўлга қўйишда ихтисослашган сўйиш корхоналарини ташкил этиш тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилади”.
4. Лойиҳанинг 6-банди тўртинчи хатбошига кўра, “ихтисослашган сўйиш корхоналарининг ветеринария мутахассислари, қассоблар ва бошқа техник ходимлари (кейинги ўринда ходимлар) белгиланган тартибда малакасини оширади ва малака оширмаган ходимларни фаолият юритиши таъқиқланади”, - деб белгиланган.
Ушбу нормада ходимлар малакасини ошириш лозимлиги назарда тутилган бўлиб, аммо малака ошириш тартибини белгиловчи орган кўрсатилмаган.
Бу эса, кейинчалик амалиётда ноаниқликларни келтириб чиқариши мумкин.
Шу боис, лойиҳанинг 6-банди тўртинчи хатбошини қуйидаги таҳрирда баён қилиш мақсадга мувофиқ:
“ихтисослашган сўйиш корхоналарининг ветеринария мутахассислари, қассоблар ва бошқа техник ходимлари (кейинги ўринда ходимлар) Давлат ветеринария қўмитаси томонидан белгиланадиган тартибда малакасини оширади ва малака оширмаган ходимларни фаолият юритиши таъқиқланади”.
5. Лойиҳанинг 6-банди бешинчи хатбошига кўра, “гўшт ва сўйиш (суб) маҳсулотларининг улгуржи савдоси фақатгина ихтисослашган сўйиш корхоналарида амалга оширилади. Бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа савдо объектларида гўшт ва гўшт (суб) маҳсулотларининг чакана савдосини амалга оширишга йўл қўйилади”, - деб белгиланган.
Ушбу норма орқали бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа савдо объектларида гўшт ва гўшт маҳсулотларининг савдосини тартибга солиш масалаларини белгилаш назарда тутилган.
Аммо, мазкур лойиҳа номланишига кўра, “Ҳайвонларни сўйиш корхоналари фаолиятини тартибга солиш ҳамда истеъмол бозорига гўшт ва гўшт маҳсулотлари етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” бўлиб, гўшт ва гўшт маҳсулотларининг савдосини тартибга солиш масалалари унинг предмети ҳисобланмайди.
Шунингдек, бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа савдо объектларида озиқ-овқат маҳсулотларини (шунингдек, гўшт ва гўшт маҳсулотларини) сотиш тартиби тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 26 ноябрдаги 407-сонли қарори билан тасдиқланган “Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низом, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо Қоидалари) билан тартибга солинади.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳанинг 6-бандидан бешинчи хатбошини чиқариб ташлаш лозим.
6. Лойиҳа иловасининг 6-банди ўн биринчи хатбошига кўра, “тери хом ашёсини тайёрлаш (қайта ишлаш) юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган, ветеринария ва санитария талабларига жавоб берадиган тери хом ашёсини қабул қилиш ва сақлаш учун бино ҳамда омборхоналари мавжуд бўлган “Ўзчармсаноат” уюшмаси аъзолари томонидан амалга оширилади”, - деб белгиланган.
Мазкур норма орқали тери хом ашёсини тайёрлаш (қайта ишлаш) фақат “Ўзчармсаноат” уюшмаси аъзолари бўлган юридик шахслар томонидан амалга оширилиши белгиланган бўлиб, ушбу соҳада уюшма аъзоларигагина имтиёз ва енгилликларни бериш назарда тутилган. Бу эса, соҳадаги бошқа тадбиркорлик субъектлари фаолиятини чеклайди ва бу амалдаги қонунчилик талабларига зиддир.
Зеро, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддасига кўра, “Тадбиркорлик фаолияти субъектлари қимматли қоғозлар бозорига, хом ашё, товарлар ва хизматлар бозорларига эркин киришда, шунингдек давлат эҳтиёжлари учун товарларнинг айрим турларини етказиб беришда қатнашишда, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишда тенг имкониятларга эга. Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қимматли қоғозлар бозорига, хом ашё, товарлар ва хизматлар бозорларига кириши давлат органлари, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари томонидан бирон-бир тарзда чекланишига йўл қўйилмайди”, - деб белгиланган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа иловасининг 6-бандидан ўн биринчи хатбошини чиқариб ташлаш тавсия этилади.
7. Лойиҳанинг 11-бандига кўра, “Ўзчармсаноат” уюшмаси таркибига кирувчи ихтисослашган ва мини сўйиш корхоналари 2023 йил 1 январга қадар муддатга барча солиқларини тўлашдан озод этилсин”, - деб белгиланган.
Мазкур нормада назарда тутилган.
Аммо, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг айрим хўжалик юритувчи субъектларга уларни товар ёки молия бозорида фаолият кўрсатаётган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан афзал ҳолатга қўядиган имтиёзлар, преференциялар ва енгилликларни асоссиз равишда беришига йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Имтиёзлар ва преференциялар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 31.05.2018 й.даги ПҚ-3756-сонли Қарори 2-банди иккинчи хатбошига кўра, “солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар (кейинги ўринларда имтиёзлар деб юритилади) қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари билан умуман тармоқлар, фаолият соҳалари, ҳудудлар учун берилади, шунингдек, аниқ мақсадга эга бўлиши ҳамда аниқ ижтимоий, иқтисодий ва молиявий натижаларга эришишни таъминлаши зарур”, - деб белгиланган.
Шу боис, лойиҳанинг 11-бандини чиқариб ташлаш тавсия этилади.
8. Лойиҳанинг 12-бандига кўра, “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банки “Ўзчармсаноат” уюшмасининг тавсиясига мувофиқ иловага мувофиқ ихтисослашган сўйиш корхоналарини қуриш ва айланма маблағларини тўлдириш учун тадбиркорларга қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда кредит маблағлари ажратилишини, шунингдек комиссия тўловларисиз нақд пул маблағлари берилишини таъминласин”, - деб белгиланган.
Ушбу нормада кредит маблағлари тадбиркорлик субъектларига “Ўзчармсаноат” уюшмасининг тавсиясига мувофиқ ажратилиши назарда тутилган.
Аммо, бу тадбиркорлик соҳасидаги ортиқча тўсиқ ва қўшимча чекловларни ўрнатилишига олиб келади, коррупция ҳолатларига йўл очади.
Шу боис ҳамда ушбу Хулосанинг 2- ва 7-бандларида келтирилган тавсияларни инобатга олган ҳолда, лойиҳанинг мазкур бандидан “Ўзчармсаноат” уюшмасининг тавсиясига мувофиқ иловага мувофиқ” сўзларини чиқариб ташлаш тавсия этилади.
Ушбу Хулосани беришда қонунчилик нормаларининг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш, лойиҳада режали иқтисодиёт унсурларини назарда тутмаслик, тадбиркорлик субъектларига тенг ҳамда қулай имкониятлар яратиш, уларга нисбатан ортиқча мажбурият ва молиявий харажатларни назарда тутмаслик масалаларига алоҳида аҳамият берилди.
Палата томонидан лойиҳа “Эътирозлар билан” имзоланди.
Ўз ССП Ахборот хизмати
21.02.2019
11:20