Қозоғистон Президенти Тошкентга келди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 14 апрель куни икки кунлик давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.
Тантанали кутиб олиш маросимидан сўнг Қозоғистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.
Аввал хабар берилганидек, давлат раҳбарлари Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Қозоғистон Президенти лавозимига киришганидан сўнг илк бор учрашадилар.
Тор ва кенгайтирилган таркибда ўтказилиши режалаштирилган музокараларда икки томонлама дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинади, сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилади.
Президентлар минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро аҳамиятга молик муҳим масалалар юзасидан фикр алмашади.
Давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, шунингдек, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга қаратилган икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланиши кўзда тутилган.
Президентлар қўшни қардош мамлакатда муваффақиятли якунига етган Ўзбекистон йилининг мантиқий давоми бўладиган Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг расмий очилиш маросимида ҳам иштирок этадилар.
15.04.2019
10:33