Ўзбекистон-Корея кооперацион биржаси
Корея Республикаси делегациясининг 2019 йил 19 апрелдаги олий даражадаги ташрифи доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Корея Савдо ва инвестицияларни қўллаб-қувватлаш агентлиги (KOTRA) томонидан ҳамкорликда икки мамлакат тадбиркорлари иштирокида кооперацион биржа ташкил этилди.
Корея делегацияси таркибини қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, тиббиёт ва фармацевтика, шунингдек, истеъмол товарлари ва озиқ овқат саноатида ускуналар ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият юритувчи 45 дан ортиқ компаниялар ташкил этди.
Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон ва Жанубий Корея компаниялари ўртасида ўзаро савдо алоқаларини йўлга қўйилишини қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, корхоналарни техник ва технологик қайта жиҳозлаш, шунингдек, республикада янги қўшма корхоналарни ташкил этишдан иборат бўлди.
Корея ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ижобий ўсиши, иқтисодиётни либераллаштириш ва диверсификация қилиш, бизнес муҳитини яҳшилаш, инвестицион жозибадорликни ошириш, шу жумладан, яратилган ЭИЗлари доирасида эришилган натижаларни алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Айтиб ўтиш жоизки, Корея Республикаси Ўзбекистоннинг асосий савдо шерикларидан бири бўлиб ҳисобланади. 2018 йил якунига кўра икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси қарийб 2,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, 54 фоиз ўсишни қайд этган.
Ўз ССП Ахборот хизмати
19.04.2019
19:04